Қозоғистонда чиқиндиларни энергетик бартараф этувчи заводлар бунёд этилади. Натижада, полигонларда тўпланиб қолган турли чиқиндилар миқдорини анча камайтириш имконияти туғилади. Мамлакатда ҳар йили беш миллион тонна маиший ва бир миллиард тонна атрофида саноат чиқиндилари пайдо бўлади. Бугун янги экологик кодекс кучга киради. Қайта тикланувчи энергия ва чиқиндиларни қайта ишлаш Бешинчи Евроосиё форуми иштирокчилари Европа Иттифоқи ва ривожланган давлатларнинг энг яхши амалиётларини ўз ичига олган мазкур ҳужжат концепциясини муҳокама қилди. Улар фақат саноат эмас, тиббиёт ва қурилиш чиқиндиларини ҳам йўқ қилиш масаласини кўтариб чиқди. Экспертлар фикрича, тиббиёт чиқиндиларини рисоладагидек утилизация қилмаслик қатор экологик ва ижтимоий-иқтисодий оқибатларга олиб келиши мумкин. Лекин Қозоғистон бундай чиқиндиларни бошқариш бўйича муваффақиятли тажрибага эга.
Виталий Времиш, БМТ тараққиёт дастурининг қозоғистондаги доимий вакили ўринбосари:
- Биз мамлакатнинг уч минтақасида шу йўналишдаги пилот лойиҳани ниҳоясига етказдик. Янги ускуналар жорий этилди, тиббиёт чиқиндилари билан тўғри ишлаш бўйича стандарт жараёнларни ишлаб чиқилди. Ускуналар етказиб бериш ва ўтказилган тренинглар, турли регламентларни ишлаб чиқиш давомида тажриба орттирдик, тизимли ёндашиш учун тавсиялар тайёрланди. Булар миллий ҳукуматга топширилади.
Умуман олганда, спикер таъкидлашича, Қозоғистон «яшил иқтисодиёт»га ўтиш бўйича энг яхши халқаро амалиётларни ўзлаштирмоқда. Шу тариқа, ўз минтақасида тренд шакллантиряпти.
Виталий Времиш, БМТ тараққиёт дастурининг қозоғистондаги доимий вакили ўринбосари:
- Ҳозир амалга оширилаётган сиёсий ёки стратегик чора-тадбирлар Қозоғистон учун ўта муҳим ва жуда илғор. Биз «яшил иқтисодиёт» концепцияси мавжудлигини тилга олдик, у 2013 йилдан буён амалда, унга юқорида айтилган қатор параметрлар киритилган, экологик кодекс мавжуд. Яъни бу сиёсий чоралар жуда муҳим ва менимча, Қозоғистон сиёсий жиҳатдан энг илғорлар қаторида жой олган ҳолда фаолият юритади.
Абдумалик Сарманов таржимаси