Қозоғистон пойтахтининг энг мураккаб 2 километри. Бараев кўчасини меъморлар ҳазил аралаш шундай атайди. Ҳамиша гавжум бўлган ҳудуд ҳозир реконструкция қилиняпти.
Турсин Жиенбаева, Нур-Султон шаҳри урбанистика маркази меъмори:
- Тўсиқларсиз кўча бунёд этилди. Йўлаклар кенгайтирилди, самарасиз тўсиқлар олиб ташланди, зарур жойларда кўтарилган пиёдалар ўтиш жойлари қурилди.
Нур-Султон – жаҳоннинг энг навқирон ва жадал ривожланаётган шаҳарларидан бири. У шунга яраша кўркам бўлиши лозим. Меъморлар шаҳарсозликдаги энг янги усуллардан фойдаланяпти. Бу борада Европа дунёнинг илғор қитъаси ҳисобланади.
- Рельефли кўчаларда кўпинча клинкер ғиштидан фойдаланилади. Биз Лондонни ўзимиз учун намуна сифатида танлаб олдик.
Бундан ташқари, Қозоғистон пойтахтида яна бир неча локация бунёд этилди. Кўпчилик учун таниш даргоҳ – Тинчлик ва тотувлик саройи қошида амфитеатр қад ростлади. 2022 йил охиригача яна 200 дан зиёд ҳовли ва жамоат жойлари барпо этилади, таъмирланади.
Аслан Қандиғулов, Нур-Султон шаҳри урбанистика маркази ходими:
- Биз постмодерн даврида яшаймиз. Ҳамма нарса ўйланган. Дунёдаги тўсиқсиз муҳит, тортиш нуқталари каби ижобий кейслардан фойдаланамиз. Бутун дунёда улар муҳимлиги исботланди. Биз ҳам шаҳримизда жорий этяпмиз. Қайсидир элементлар этноуслубда намоён бўлмоқда. Шу тариқа янги майдонлар бунёд этилади.
Экспертлар фикрича, Қозоғистондаги асосий мегатрендлар қаторида аҳоли шаҳарга кўчишини айтиш мумкин. Жараён келажакда ҳам давом этади. Энг жадал ўсаётган манзилгоҳлар: Нур-Султон, Алмати ва Чимкент. COVID дан кейин жадал ривожланаётган туризмни унутмаслик лозим. Шаҳар ҳудуди ҳамма учун қулай бўлишига эришиш учун замонавий ечимлар зарур.
Марк Брюшко, мухбир:
- Қозоғистон пойтахтида тўсиқсиз муҳит яратиш бўйича энг катта ишлар Республика шоҳкўчасида амалга оширилган. У шаҳарнинг асосий йўлларидан бири. Ўтган ёзда пиёдалар ўтиш жойлари текисланганди. Энди имконияти чекланганлар ҳам, кексалар ҳам бордюрлар, чуқурчалардан чўчимайди.
Шаҳарсозларнинг келгуси режаси – барча жамоат майдонларини ўзаро бирлаштириш. Велосипедчилар ва пиёдалар учун йўлаклар қуриш. Ўтган йили шаҳар парклари учун шу каби ишлар амалга оширилган. Натижада, шаҳарда янги туристик йўналиш пайдо бўлади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.