Павлодар вилояти инвестицияларни жалб қилиш суръатлари бўйича мамлакатда етакчилар қаторидан жой олган. Ўтган йилнинг ўзида минтақа иқтисодиётига бир триллион тенгедан зиёд маблағ йўналтирилди. Қарийб 50 фоиз ўсишга эришилди. Вилоят ҳокими Асаин Байханов Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевга ҳисобот берди. Минтақада саноат жадал ривожланмоқда. Павлодар вилоятида мамлакатдаги кўмирнинг ярмидан кўпи қазиб олинади, электр энергияси чиқаришнинг 40 фоиздан кўпроғини, ферроқотишмаларнинг 60 фоизини беради. Қишлоқ хўжалигида ялпи маҳсулот ҳажми 10 фоизга ўсди. Вилоят сув тежовчи суғориш технологияларини қўллаш бўйича биринчи ўринда. Президентга Иртиш дарёсидаги янги кўприк ва ГРЕС-3 қурилиши, шунингдек, «Маълумотларни қайта ишлаш марказлари водийси» лойиҳасини рўёбга чиқариш бўйича топшириқлари ижроси ҳақида маълумот берилди.
Қизил Ўрда вилоятида 48 та инвестициявий лойиҳа рўёбга чиқариляпти
Давлат раҳбари Қизил Ўрда вилояти ҳокимини ҳам қабул қилди. Мурат Ергешбаев минтақанинг ривожланиши тўғрисида ахборот берди. Келгуси уч йилда умумий қиймати 2 триллион тенге бўлган 48 та инвестициявий лойиҳани рўёбга чиқарилиши режалаштирилган, жорий йилда эса қиймати қарийб 1 триллион тенге бўлган 14 та йирик объект қурилиши бошланади. Қизилўрда шаҳрида кўп соҳали шифохона, перинатал марказ, янги драма театри ва замонавий кутубхона бунёд этиляпти. Вилоятда транспорт инфратузилмаси модернизация қилинмоқда. Ғарбий Европа - Ғарбий Хитой халқаро транспорт йўлагининг бир қисми бўлган Қизилўрда - Ақтўбе автомобиль йўлини кенгайтириш лойиҳасининг биринчи босқичи ишга туширилди. Жами, 138 километр автомобиль йўллари ва қатор кўприкларни таъмирлаш режалаштирилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси

