Қозоғистонда мавжуд бензин ва дизель ёнилғиси икки ҳафтага етади. Ҳукумат йиғилишида Энергетика вазири Бўлат Ақчулақов берган маълумотга кўра, 180 минг тонна АИ-92 бензини нефть базалари сақланаяпти, бир қисми ҳозир йўлларда. Бу маҳсулот 14 кунга етади. Дизель ёнилғиси эса икки ҳафтага ҳам етмайди. Вазир Бўлат Ақчулақовнинг таъкидлашича, маҳсулотнинг жами ҳажми 220 минг тоннадан салгина кўп, шу билан бирга нефтни қайта ишлаш заводлари етарлича маҳсулот чиқаряпти.
Бўлат Ақчулақов, Қозоғистон Республикаси энергетика вазири:
- Таъкидлаганим каби, заводларда бўлган захиралар ҳажми 50 минг тонна, лекин улардан маҳсулот олиб кетиш барқарор амалга оширилмаяпти. Зарур миқдорда вагон-цистерналар келтирилмайди, вагонларнинг тегишли манзилларга етказиб берилиши кечикади.
Қозоғистонда нархлар назорати ва ёнилғи-мойлаш материаллари тақчиллигига йўл қўймаслик учун махсус комиссия тузилади
Ёнилғи-мойлаш материаллари тақчиллиги ва нархи кескин ўзгариши олдини олиш учун Бош вазир тегишли комиссия тузишни топширди.
Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси бош вазири:
- Ёнилғи-мойлаш материаллари тақчиллиги олдини олиш, ва нархини назорат қилиш учун комиссия тузишни топшираман. Миллий иқтисодиёт вазирлиги, Рақобатни муҳофаза қилиш агентлиги, ҳокимликлар нархлар асоссиз кўтарилганида тегишли чора-тадбирлар кўриши зарур.
Саноат вазирлиги, «Қазмунайгаз» ва ҚТЖга нефть маҳсулотларини заводлардан ўз вақтида олиб кетиш бўйича чора-тадбирлар кўриш топширилди. Рақамли тараққиёт ва энергетика вазирлиги кундалик дизель ёнилғиси сотиш лимитларига риоя этилишини назорат қилувчи ахборот тизими яратади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.