Парламент янги қонун қабул қилди

Парламент янги қонун қабул қилди

Парламент 2023-2025 йилларда Миллий жамғармадан кафолатланган трансферт тўғрисида қонун қабул қилди. Ҳужжат 2023 йилда Миллий жамғарма ҳисобидан бюджетни 2 триллион 200 миллиард тенге миқдорида молиялаштиришни кўзда тутган. Бу кўрсаткич 2024 йилда 2 триллион тенге, 2025 йилда 1 триллион тўққиз юз миллиард тенгегача қисқартирилади. Миллий иқтисодиёт вазири Алибек Қуантиров Сенатда қонун лойиҳасини тақдим этар экан, ҳужжат бюджет қоидалари талабларига мувофиқ тайёрланганини таъкидлади. Эндиликда кафолатланган трансферт ҳажми нефть нархига мувофиқ ҳисобланади. Прогнозларга кўра, у нефть соҳаси ташкилотлари томонидан Миллий жамғармага тушаётган маблағ миқдоридан ортиб кетмайди. Шу тариқа, 2023 йилда нефть баҳоси баррелига 48,9 долларга, 2024-2025 йилларда тегишлича 42,2 ва 40,3 долларга тенг бўлиши режалаштирилган.

Алибек Қуантиров, Қозоғистон Республикаси миллий иқтисодиёт вазири:

- Бизнинг прогнозга кўра, Миллий жамғармадан олиниши мумкин бўлган маблағнинг энг юқори чегараси белгиланиши ва яқин келажакда харажатларнинг ўсиш суръати солиқ интизомини мустаҳкамлайди ва Миллий жамғарманинг барқарорлаштириш вазифасини таъминлаш имконини беради. Қонун лойиҳаси қабул қилиниши республика бюджетида мувозанатни тиклайди, Миллий жамғарма барқарорлаштириш вазифасини рўёбга чиқаришига йўл очади. Кўриб чиқиш учун тақдим этилган мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланиши прогнози параметрлари, бюджет ва Миллий жамғарма прогнози параметрлари ҳар жиҳатдан уйғун, иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш учун йўналтирилган.

Абдумалик Сарманов таржимаси