Қозоқ халқ маданияти, тил ва анъаналарини илгари суриш. «California
Qazaq Community» ҳамжамияти ўз олдига шундай мақсадларни қўйган. Уч йил аввал
Американинг Лос-Анжелес шаҳрида тузилган ҳамжамият АҚШдаги қозоқларни
бирлаштиради, бу ерга янги кўчиб келганлар шароитга мослашиши учун ёрдамлашади,
миллий маданият, қадриятларни
сақлаб қолишда кўмак кўрсатади. Ҳамжамият болалар учун бепул қозоқ тили,
дўмбира тўгараклари, спорт секцияларини ташкил этмоқда. Ҳамжамият ижрочи директори
Раушан Мухтар таъкидлашича, Лос-Анжелес ва унга яқин шаҳарларда беш юзга яқин
қозоқ оиласи яшайди. Улар орасида Қозоғистон, Хитой, Монголия ва Туркиядан
кўчиб келганлар бор.
Раушан Мухтар, «California qazaq community» ҳамжамияти
раиси:
– Авваллари уйимизда йиғилардик. Лекин жой торлик қила бошлади. Сўнгра комьюнити очдик, унинг доирасини кенгайтирдик. Қўллаб-қувватлашнинг янги босқичига ўтдик. Америкада болалар асосан инглиз тилида гаплашади, бу ерда йиғилганимизда қозоқчада мулоқот қиламиз.
Ҳамжамият асосан болалар билан иш олиб боради. Машғулотлардан ташқари турли учрашувлар ўтказилади, анъаналарга мувофиқ миллий байрамлар нишонланади.
Абдумалик Сарманов таржимаси