Жамбил вилоятида йиғим-терим кампанияси бошланди. Қулай об-ҳаво шароитлари ҳосил эрта етилишига сабаб бўлди. Қўрдай туманида 70 минг гектар майдонда донли экин етиштириляпти. Унинг ярмидан кўпроғини арпа ташкил қилади. Ҳосилдорлик гектарига 35 центнерни ташкил қилмоқда.
Дуйсенхан Ўнгелдиев, фермер:
- 4 минг гектарга дон сепдим. Шундан минг гектари – кузда экилди, 500-600 гектар ерда арпа етиштиряпман. Бизда «Айдин» нави – суперэлитага киради. Ишларни рисоладагидек бажаришга ҳаракат қиламиз. 4 йил бир хил уруғ экилганди. Муддати ўтгач, янгиладик. Ҳосил ёмон эмас.
Сейткарим Қалтаев, Қозоғистон зироатшунослик ва деҳқончилик илмий-тадқиқот институти ходими:
- Биринчидан, бу нав кузда экилади. Шуниси билан бошқаларидан фарқ қилади. Битта донда бир неча новда бош кўтаради. 5-7 тагача чиқиши мумкин. Ўртача олганда, йилига синов далаларида гектаридан 75 центнергача ҳосил оляпмиз. Менимча, ҳосил чўғи жуда яхши, ҳавас қиларли. Ётиб қолмайди, ўриб олиш осон, йўқотиш кам, техникага осон бўлади.
Дон ҳосили фақат навга эмас, сув таъминотига ҳам боғлиқ. Бугунги кунда тобора кўпроқ фермерлар томчилатиб суғориш технологиясини ўзлаштирмоқда. Ушбу янги усул далаларда сув сарфини 3 мартагача камайтиради.
Маден Мусаев, Жамбил вилояти, Қўрдай тумани ҳокими:
- Йил деҳқонлар учун қулай келди. Охирги 2 йилда сув камлигидан анча қийналгандик. Деҳқонлар қурғоқчиликдан азият чекди. Бу йил беда, пичан, буғдой, арпа кўпроқ йиғиб олинади. Бизда илмий ходимлар ишлайди. Улар экин-тикин ишларини кузатган. Йиғим-терим палласида янги уруғлик Қўрдайда қандай самара берганини кўряпмиз.
Умуман олганда, минтақада уч юз олтмиш минг гектар ерга арпа ва буғдой экилган. Ҳафта охирига бориб буғдой ўрими бошланади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.