Опа-сингиллар Қозоғистонни дунёга танитмоқда

Опа-сингиллар Қозоғистонни дунёга танитмоқда

Қозоғистон талабалари Хитойда қозоқ халқи маданияти, анъаналари ва тарихини илгари сурмоқда. Қизлар Осмоности мамлакатидаги ижтимоий тармоқларни забт этяпти. Улар турли маълумотларни эълон қилиб боради, миллий либослар, ошхона, фильмларни оммага ёяди, мамлакат тўғрисидаги қизиқарли фактларни тақдим этади.

Опа-сингил Бўтакўз ва Томирис Елшибек бир йил аввал Вичат майдончасида «QazaqLand» лойиҳасини бошлади. Унда Қозоғистон ва қозоғистонликлар тўғрисидаги маълумотлар жамланган.

БЎТАКЎЗ ЕЛШИБЕК, ТАЛАБА:

- Ҳар ҳафта биз хитой ва инглиз тилларида Қозоғистон тарихи, мусиқаси ҳақида контент қўямиз. Интервью берамиз, брендлар билан таништирамиз. «QazaqLand» ёки “Чжунха чжилу” мен рўёбга чиқараётган энг йирик лойиҳалардан бири. Кўлами катта бўлмаса ҳам, кўпчилик мурожаат қилади.

Яқинда қизлар фаолият доирасини кенгайтирди. Қозоғистон тўғрисида бошқа майдончаларда ҳам маълумот бера бошлади. Талабалар она тилини ҳам кенг тарғиб қилади.

ТОМИРИС ЕЛШИБЕК, ТАЛАБА:

- Ўзимнинг Вичатдаги саҳифамда видео қўяман. Албатта, ҳар куни эмас. Бу видеолар орқали дўстларим, маҳаллий халқ, университетдагилар қозоқ тилини ўрганади, маълумот олади.

Келажакда қизлар онлайн-савдо майдончаларида павильон очиш, Қозоғистон маҳсулотларини сотишни йўлга қўйиш ниятида. Ўқиш билан бандлиги, ижтимоий тармоқда фаоллигига қарамай, Бўтакўз Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг ёшлар фаолиятида ҳам қатнашади.

ЛИН ЧЭНЬ, ШАНХАЙ ҲАМКОРЛИК ТАШКИЛОТИ ЁШЛАР ХАБИ АЪЗОСИ:

- Бўта Қозоғистон тўғрисидаги тасаввуримни ўзгартирди. У каби талабалар Хитойда турли лойиҳаларни илгари сурмоқда. Масалан, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ёшлар хаби майдончасида Бўта турли тадбирлар ташкил қилади, улар ШҲТ давлатларидаги иқтидорли ёшлар, жумладан, қозоғистонликлар ва хитойликлар ўртасидаги алоқа  ривожланишига ёрдам беради.

Абдумалик Сарманов таржимаси