Оловда қолган ҳудуд 43 минг гектарга қисқарди

Оловда қолган ҳудуд 43 минг гектарга қисқарди

Ҳалокат юз берган ҳудудда бўлган Республика Фавқулодда вазиятлар вазири Сирим Шарипханов маълум қилишича, «вазият барқарор ва назорат остида». Жазирама иссиқ ва шамолга қарамай, олов ўчоқларини бартараф этиш учун куч ҳамда восита етарли. Эслатамиз, ўрмон ёнғинини бартараф этиш учун бир ярим минг одам, Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари техникаси, ўрмон хўжалиги, маҳаллий ҳокимликларнинг 300 дан зиёд техникаси жалб этилган. Шунингдек, 12 та вертолёт сув сепиш учун, 2 таси вазиятни кузатиш учун ишга солинган. Фавқулодда вазият юзага келганидан буён жами 3 минг тонна сув ишлатилди.

Ақтўти Бўранова, Қозоғистон Республикаси ички ишлар вазирлиги маъмурий полиция катта инспектори:

– Абай вилоятида вазият ҳамон мураккаблигича қоляпти. Фалокат ҳудудида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ишламоқда. Эвакуациядан сўнг полиция уйини тарк этган одамларнинг моддий бойлигини, шахсий мулкини қўриқлаяпти. Бунинг учун Бородулихинск туманига қўшимча отряд юборилди. Бундан ташқари, барча турдаги транспорт воситалари ҳаракатланиши, фуқароларнинг фалокат юз берган ҳудудга кириш-чиқиши ташкил этилган ва тартибга солинган.

Айни вақтда Абай вилояти ҳудудидаги кенг кўламли ўрмон ёнғини сабабли Жетису минтақасини тутун қоплаган. Қутқарувчилар аҳолига ваҳимага тушмаслик ва ниқоб тақишни тавсия қилди. Нафас олиш органлари хасталанганлар, кексалар эса уйларидан чиқмаслиги илтимос қилинди. Бундан ташқари, Талдиқўрған ўрмон хўжалиги кучайтирилган тартибда ишлаяпти. 

Асқар Ўринбаев, Талдиқўрған ўрмон хўжалиги директори ўринбосари:

- Ҳеч биримизга ҳозирда осон эмас, юзага келган вазиятни ҳис этиш оғир. Ёнғинга қарши курашда жон берган «Семей ўрмони» табиат резервати ўрмончиларининг оилаларига ҳамдардлик билдирамиз. Классификация жадвалига кўра, бу ёнғин бешинчи классга оид. У ўта хавфли! Ҳозир йигитларимиз кеча-кундуз навбатчилик қиляпти. Иш тартибини кучайтирганмиз. Аҳоли ўрмонга кириши тақиқланган!

Абдумалик Сарманов таржимаси