Қозоғистон олимлари този зотли итлар генофондини ўрганяпти. Икки йилдан буён мамлакат бўйлаб бу жонзот ДНКси тўпланмоқда. Тадқиқотчилар таъкидлашича, бу иш халқаро кинология ҳамжамияти тозиларни алоҳида зот сифатида эътироф этиши учун керак. Ҳозирча у шарқ тозилари гуруҳидан деб ҳисобланади.
Марк Брюшко, мухбир:
- Тадқиқотларимиз ўзини оқлаши учун олимлар камида 300 итдан генетик материал тўплаши зарур. Ҳозирча ишнинг ярми амалга оширилди. Айни пайтда ҳам давом этмоқда. Аввало популяция яшаб қола олиш-олмаслигини баҳолаш керак. Инбридинг коэффициенти ўрганилади. Тозилар қони қанчалик тозалиги аниқланади.
Кира Беспалова, генетика ва физиология институти илмий ходими:
– Ҳар бир иштирокчига сертификат – итнинг генетик паспортини берамиз. Ҳозир сизга кўрсатаман. Фақат фамилиясини кўрсатмайман. Бу нима, биласизми? Тирик жонзотлар ДНКсида маълум участкалар бор, улар оқсилни кодламайди, лекин такрорланади, тандем такрор деб аталади. Ҳар бири ўзига хос. Узунлиги ҳар хил. Авлоддан авлодга ўтиб боради. Уларга қараб итлар бир-бирига қанчалик яқинлигини ўрганамиз.
Бу ерда яна бир муаммо туғилади. Шу кунгача Қозоғистонда қанча този борлиги тўғрисида расмий маълумот йўқ. Итларни рўйхатга олиш кўнгилли равишда амалга оширилади. Кўпчилиги шаҳар ташқарисида яшайди.
Инна Назаренко, «Қансўнар» Республика жамоат бирлашмалари ҳамжамияти бош кинологи:
- Кўп одамлар итимни рўйхатга қўйсам, бунинг учун мунтазам пул тўлайман, деб ўйлайди. Қозоғистон бўйича рақамлар тахминий. Норасмий маълумотга кўра, 3 минг бош този бор. Итлар йўқолиши, кетиб қолиши, ҳалокатга учраши кўп кузатиладиган ҳодиса.
Шунингдек, тозиларни Шарқ тозиларининг бошқа гуруҳлари билан таққослаш керак. Эронлик ҳамкасблар билан улардаги салюк зотли итлар ДНКсини бериш бўйича музокара давом этяпти. Лойиҳа 2023 йилгача мўлжалланган. Натижа ҳайратланарли бўлиши мумкин. Биз биринчи марта Қозоғистоннинг энг ғаройиб зотли итлари сирларини билиб оламиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси.