Ҳокимият вакиллари билан учрашувларнинг янги формати тасдиқланди

Ҳокимият вакиллари билан учрашувларнинг янги формати тасдиқланди

Қозоғистонда ҳокимият вакиллари билан учрашувларнинг янги формати тасдиқланди. Эндиликда республика марказий ва маҳаллий ижро органлари аҳоли билан жонли мулоқотда бўлиши шарт. Ҳукумат йиғилишида Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов маълум қилишича, биринчи навбатда «тингловчи ҳукумат» тамойилига риоя этилиши лозим, демак, биринчи навбатда фуқароларни шахсан қабул қилиш ҳамда уларнинг муамолари, танқидий фикрларини тинглаш керак. Барча қабул қилинган қарорлар давлат органлари интернет-саҳифаларида чоп этилади. Муаммоли масалалар маслихат сессияларига олиб чиқилади.

Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси бош вазири:

- Барча даражалардаги ҳокимларнинг аҳоли билан учрашувлари давомида 30 мингга яқин муаммо ва таклиф тилга олинди. Уларни албатта ҳал қилиш зарур. Одамлар кўтарилаётган масалалар ечимини топаётганини кўриши лозим. Шу муносабат билан марказий ва маҳаллий давлат органлари олдиндан режалаштирилган, тасдиқланган формат ва график асосида учрашувларни давом эттириши зарур. Мавжуд барча коммуникация воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳар бир учрашув кенг ёритилиши керак, рўёбга чиқарилган ишлар, муаммолар қандай ҳал этилиши аниқ кўрсатилиши лозим.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.