Қозоғистонда аҳоли рўйхати биринчи босқичи бошланди

Қозоғистонда аҳоли рўйхати биринчи босқичи бошланди

Қозоғистонда Миллий аҳолини рўйхатга олишнинг биринчи босқичи бошланди. Июнь ойи давомида кампания иштирокчилари аҳоли манзилгоҳларини айланади, одамлар яшайдиган, яшамайдиган бинолар ҳамда аҳоли сони аниқланади. Сўнгра шу маълумот асосида шаҳар ва қишлоқлар алоҳида ҳисоб участкаларига бўлинади. Ҳозир 5 минг ходим шу иш билан банд. Миллий статистика Бюроси берган маълумотга кўра, асосий босқич 1 сентябрда бошланади. Унда анъанавий усулда ҳам, онлайн тартибда ҳам қатнашиш мумкин. Октябрь ўртасигача бу иш масофадан амалга оширилади, 1-30 октябрда эса интервью олувчилар билан суҳбатлашиш мумкин.

Ўлжас Сайлаубекули, «миллий аҳолини рўйхатга олиш-2021» ташкилоти расмий вакили:

- Ҳар бир одам ўзига қулай вақтда рўйхатдан ўтиши мумкин, чунки сайт суткасига 24 соат ишлайди. У жуда қулай. Масалан, 20 саволга жавоб бергач, шошилинч ишингиз чиқиб қолса, уни бажариб, келган еридан давом эттиришингиз мумкин. Қанчалик кўп одам саволларга онлайн жавоб берса, пандемия даврида контакт шу қадар кам бўлади.

Дарвоқе, ушбу йилдаги аҳоли рўйхатининг асосий янгилиги рақамли технологиялар жорий этилиши бўлди. Бошқача айтганда, бу жараён тўлиқ автоматлаштирилади. Қозоғистонликлар sanaq.gov.kz сайти орқали маълумотларини тақдим этиши мумкин. Бу маълумотлар дахлсизлиги хусусида хавотирга ўрин йўқ, мутахассислар ахборот сир сақланишига кафолат беради. Рўйхатга олиш давомида 87 пункт бўйича савол берилади. Қозоғистонликлар 67 та асосий ва 20 та аниқловчи саволга жавоб беради.

Абдумалик Сарманов таржимаси