Қозоғистонда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатни тарғиб қилиш бундан буён қонунчилик даражасида тақиқланади. Бугун Мажилис аъзолари жониворларга масъулият билан қарашга йўналтирилган ўзгартиришлар пакетини иккинчи ўқишда маъқуллашди. Қуйи палата депутати Александр Милютин айтишича, эндиликда 16 ёшгача бўлган болалар ит-мушукларни сайр қилдиришига рухсат берилмайди. Бундан ташқари, жониворларнинг эгаларига катта талаблар қўйилади. Бу зарурий санитария меъёрларига амал қилинишига ҳам тегишли. Бундан ташқари, маҳаллий ижро органлари уйда жонивор сақлаш бўйича қоидаларни ишлаб чиқиши мумкин, дайди ҳайвонлар вакцинацияси ҳамда стерилизацияси, тузатишларга кўра, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Александр Милютин янги қоидаларни кўриб чиқишда зооҳимоячилар таклифлари ҳам инобатга олинганини маълум қилди. Шу тариқа, тез орада мамлакатда кўчма ҳайвонот боғлари, жониворлар кўргазмалари, дельфинарий, океанариум ва контактли зоопарклар фаолияти тақиқланади.
Александр Милютин, Қозоғистон Республикаси Парламент Мажилиси депутати:
- Мазкур меъёр ушбу ташкилотлар эгаларига ўз бизнесини тугатиш ёки қайта ташкил этиш тартиб-қоидаларини амалга оширишда вақт бериш учун кечиктирилган муддатга эга бўлади. Шунингдек, депутатлар томонидан миллий спорт турлари бўйича спорт тадбирларида қатнашиш учун ҳайвонлардан фойдаланиш Қозоғистон Республикасининг жисмоний тарбия ва спорт тўғрисидаги қонунига мувофиқ амалга оширилишини аниқловчи меъёрлар киритилди.
Хуршида Абдуллаева таржимаси