Нур-Султон шаҳри аҳолиси май ойидан вакцина олиши мумкин

Нур-Султон шаҳри аҳолиси май ойидан вакцина олиши мумкин

Қозоғистон пойтахтида коронавирус билан боғлиқ чеклов чоралари енгиллаштирилиши мумкин. Бу ҳақда Нур-Султон шаҳар бош давлат санитар-врачи Сархат Бейсенова маълум қилди. «Бугунги кунда шаҳар сариқ зонага кирди. Шунга кўра чеклов чораларини юмшатиш масаласи ҳал қилиняпти. Ҳозирча бу масала муҳокамада», деди у. Сархат Бейсенова айтишича, коронавирус билан хасталанганларнинг кўп қисмини 30-39 ёш орасидагилар ташкил қилади. Улар улуши беморлар орасида 24,7 фоиз. COVID юқтирганларнинг 23 фоиздан зиёди - 50 ёшдан ошган фуқаролар. Нур-Султонда февраль бошидан буён 2 минг 192 бемор рўйхатга олинган. Шу билан бирга, Нур-Султон шаҳар бош давлат санитар-врачи пойтахт аҳолиси май ойидан коронавирусга қарши эмланиши мумкинлигини айтибўтди.

САРХАТ БЕЙСЕНОВА, НУР-СУЛТОН ШАҲРИ БОШ САНИТАР- ВРАЧИ:

– Шу кунгача препаратнинг биринчи компоненти билан 2 минг 8 нафар тиббиёт ходими эмланди. Иккинчи босқичда ўқитувчилар ва куч ишлатар тузилма ходимлари учун вакцина ажратилган. Сўнгра апрель ойида талабалар навбатда турибди. Шаҳар аҳолиси эса устуворлик берилган соҳалар вакиллари  тўлиқ қамраб олинганидан кейин, тахминан май ойидан бошлаб эмланиши кўзда тутилган.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.