2035 йилга бориб, Қозоғистон пойтахтида аҳоли сони икки марта ошиши мумкин. Бўлиб ўтган брифинг давомида шаҳар ҳокими Алтай Кулгинов таъкидлашича, шаҳар аҳолиси кўпайиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, бугунги кундан Нур-Султонда ижтимоий ва техник инфратузилмани ривожлантириш ҳақида ўйлаш керак. Шаҳар бош режасига қатор ўзгаришлар киритилди. Ҳар бир кварталда мактаб, болалар боғчаси, спорт марказлари ва истироҳат боғи бўлиши лозим. Талдикўл яқинида жорий йилда янги экохиёбон тикланиши кўзда тутилган. Кузда дов-дарахт экиш ишлари бошланади. Ҳоким шаҳарда умумий таълим муассасалари қурилиши масаласини алоҳида тилга олди. Жорий йилда 20 минг ўқувчи учун янги мактаблар очилади. Уч йил ичида 34 та мактаб қурилади. Алтай Кулгинов енгил рельсли транспорт тизими қурилиши давом этишини билдирди.
Алтай Кулгинов, Нур-Султон шаҳри ҳокими:
- Лойиҳа экспертлар, қурувчи ва муҳандислар томонидан ишлаб чиқилган, ҳамма нарса ҳисобга олинган. Устунларга тушадиган юклама ҳам, иқлим ва об-ҳаво шароитлари ҳам. Ҳозирги вазифа – барчасини ҳисобга олган ҳолда қурилишни якунлашдан иборат. Бетон устунлар жуда сифатли, ҳар бири 200-220 тонна, арматура билан мустаҳкамланган, темир-бетон, бетон маркаси жуда юқори, ҳозир бетон сифати яна бир марта мутахассислар томонидан текшириляпти, техник назорат, муаллиф назорати бор, кўп томонлама текширилади, фақат лойиҳани битириш зарур.
Абдумалик Сарманов таржимаси.