Nomad Inspiration дастури премьераси ўтказилди

Nomad Inspiration дастури премьераси ўтказилди

Анъанавий қозоқ рақси ва мумтоз балет уйғунлиги. «Астана Опера» театри саҳнасида Nomad Inspiration дастури премьераси бўлиб ўтди. Ушбу ёрқин воқеани намойиш этиш учун иқтидорли балетмейстер Султанбек Ғумарнинг хореографик изланишлари ва HasSak этно-фольклор ансамбли мусиқаларини ўзаро бириктириб, иш юритилди. Премьерада жамоанинг бир неча янги асари тақдим этилди. Айни вақтда, «Астана опера» симфоник оркестри жўрлигида қозоқ халқининг қадриятлари, миллий маданиятини очиб берувчи асарлар ижро этилди. Буюк Дашт ҳаёти манзаралари балет труппаси рақслари орқали тасвирланди. Миллий колоритга тўла замонавий саҳна асари сермазмунлиги билан томошабинлар кўнглини олди.

Султанбек Ғумар, постановкачи режиссёр, «Астана Опера» театри балет яккахони:

-Бу оқшом «Оролим», «Жаҳон», «Тўйбоши» номли балет постановкалари тақдим қилинди. Аввал ҳам биз HasSak гуруҳи билан биргаликда ишлаганмиз. Уларнинг «Омонат» асарига «Руҳ» рақсини саҳналаштирганмиз. Ўшанда мухлислар эътирофига эришганимиз сабабли каттароқ лойиҳага қўл урдик. Биргаликда мана шундай асарни тақдим этишга қарор қилдик.

Алтинай Асилмуратова, «Астана Опера» театри балет труппаси бадиий раҳбари:

-Ҳозир миллий мавзуларни илгари суриш ўта муҳим. Бу ишларга ёш хореографлар ва иқтидорли мусиқачиларни жалб этиш лозим, деб ҳисоблайман. Қозоғистонда янги, навқирон хореограф бўй кўрсатди. У катта ютуқларга эришади, деб умид қиламан. Ўта қобилиятли, ўзига хос йўлга, замонавий қарашга эга. Бошқалардан фарқли фикрлари бор. Ушбу қизиқарли лойиҳа «Астана Опера»нинг улкан ютуғи бўлди. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.