Чимкент нефтни қайта ишлаш заводи қуввати оширилиши мумкин. Гап йилига 12 миллион тонна нефть маҳсулотлари тайёрлаш ҳақида бормоқда. Беш йил давом этган завод тарихидаги йирик модернизациядан сўнг корхона нефтни қайта ишлашни тубдан оширди. Айни пайтда «нефть гиганти» янгидан жиҳозланган. Заводда бензин ва «Евро-4», «Евро-5» дизель ёнилғиси ишлаб чиқарилади. «Улкан қайта қуриш»дан кейин қозоғистонлик нефтчиларнинг янги мақсади – ишлаб чиқариш қувватини ошириш.
Руслан Навесов, «ПКОП» МЧЖ ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи:
- Бутун модернизациянинг асосий мазмуни нефтни чуқур қайта ишлашни 73 фоиздан 88 фоизга қадар ошириш, шунингдек, енгил нефть маҳсулотлари миқдорини кўпайтириш.
Модернизациялашдан мақсад қайта ишлашнигина эмас, экологияга мосликни ҳам тубдан ошириш. Атмосферага зарарли чиқиндилар чиқарилиши анча камайди.
Андрей Путков, «ПКОП» МЧЖ табиатни муҳофаза қилиш бўлими бош муҳандиси:
- Қозоғистон иқтисодиётининг «яшил» концепциясига амал қиламиз. Завод имкон қадар энергия захираларини тежаш йўлидан боради.
Корхона икки миллий оператор - «ҚазМунайГаз» ва CNPC – Хитой миллий нефть-газ корпорациясининг муваффақиятли ҳамкорлиги эвазига тўла қувватда ишламоқда. Келаси йили CNPCнинг Қозоғистондаги фаолиятига 25 йил, Қозоғистон-Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Бугун ишонч билан айта оламанки, ҳар тарафлама ва абадий стратегик ҳамкорлигимиз янги босқичга кирди. Жадал ривожланаётган Хитой ҳамиша Осиёдаги асосий ва ишончли шерик бўлиб қолади.
Қозоғистондаги тўртинчи нефтни қайта ишловчи корхона Чимкент заводи базасида қурилиши кўзланган.
Хуршида Абдуллаева таржимаси