Қозоғистон Президенти Парламент фаолияти якунларини чиқарди

Қозоғистон Президенти Парламент фаолияти якунларини чиқарди

1 июлдан Қозоғистонда янги Конституция кучга киради. Асосий қонун билан бирга давлат ҳокимияти тизими ислоҳ қилинмоқда. Икки палатали Парламент ўрнига бир палатали Қурултой келади. Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Парламент палаталарининг қўшма йиғилишида мамлакат тарихидаги биринчи профессионал парламент 30 йил аввал иш бошлаганини эслатди. Ўтган даврда ҳар ўнинчиси парламент аъзоларининг ташаббуси билан тайёрланган 3,5 мингтага яқин қонун қабул қилинди. Қосим-Жўмарт Тўқаев барча чақириқларда сайланган Мажилис ва Сенат депутатларига Қозоғистон тараққиётига қўшган ҳиссаси ва фидокорона хизмати учун миннатдорлик билдирди.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Асосий қонунимиз умумхалқ референдумида қабул қилингач, давлатимизнинг ҳуқуқий тизимини янги конституциявий воқеликка тез ва сифатли мослаштирдингиз. Хусусан, Парламент тўққизта қонун пакети, шу жумладан, олтита конституциявий қонун тезкорлик билан ишлаб чиқди ва қабул қилди.


Давлат раҳбари мамлакатни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишларини кўрсатди. Президент давлат ҳокимияти тузилмаларини шакллантириш устувор йўналишлардан бири, деб атади. Янги иқтисодий моделга ўтиш ҳам муҳим, уни амалга ошириш учун замонавий ёндашувлар ва янгича иш усуллари талаб этилади. Давлат раҳбари устувор йўналишлар қаторида энергетика, муҳандислик ва транспорт-логистикани мустаҳкамлаш, тўлиқ рақамлашган давлат яратиш ва инсон капиталини ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Асосий қонунчилик органига айланадиган Қурултой фаолиятининг барча муҳим йўналишлари бўйича узвийликни таъминлаши, чуқур институционал хотирани сақлаб қолиши ва ўзига хос парламент маданиятини эҳтиёткорлик билан ривожлантириши керак. Ишончим комилки, Қурултой масъулиятли вазифасини шараф билан бажаради, жамиятимизда Қонун ва Тартиб, Меҳнатсеварлик ва Тараққиёт, Озодалик ва Табиатпарварлик каби тамойилларни қарор топтиришга ҳар томонлама кўмаклашади.


Абдумалик Сарманов таржимаси