Қозоғистонда 2028 йилга бориб барча болалар мактабгача таълим-тарбия ташкилотларига жалб қилинади. Шу кунларда 1 миллион нафар жажжи қозоғистонлик боғчага қатнайди. 2-6 ёшдагиларнинг жами 91 фоизига бундай хизмат кўрсатилади. Бу кўрсаткични 100 фоизга етказиш учун 2024-2027 йилларда қатор мактабгача ташкилотлар ишга туширилиши режалаштирилган. Тегишли вазирлик маълум қилишича, боғчаларда йил охиригача яна 77 мингдан зиёд, кўзланган давр охиригача эса 300 мингта янги ўрин яратилади. Йил бошидан буён республикада 125 та янги мактабгача ташкилот иш бошлади.
Гульнара Исқақова, Қозоғистон
Республикаси Маориф вазирлиги Мактабгача таълим департаменти директори
ўринбосари:
– Муаммо янги мактабгача таълим даргоҳлари қуриш, фойдаланишга топшириш, хусусий мактабгача ташкилотларга давлат буюртмаси бериш, шунингдек, мавжуд мактабгача ташкилотларни кенгайтириш, уй-жой мажмуаларининг биринчи қаватида болалар кун давомида қоладиган мини-марказлар очиш ҳисобига ҳал этиляпти.
Шу билан бирга, болалар боғчаларида жой тақсимоти шаффофлигини ошириш
мақсадида Ягона навбатдагиларни ҳисобга олиш базаси яратилган. Унга электрон
ҳукумат портали, иккинчи даражали банклар мобил иловалари ёки маҳаллий ижро
органлари майдончалари орқали ариза топшириш мумкин. Ҳозир лойиҳа Қозоғистоннинг
тўрт минтақасида рўёбга чиқариляпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси.