Астанада «WorldSkills Kazakhstan-2024» миллий чемпионати бўлиб ўтяпти. Бу – профессионал маҳорат танлови бўлиб, келгуси йили Данияда бўладиган Европа ҳамда 2026 йилда Хитойда ўтказиладиган жаҳон босқичларига саралаш беллашувларидир. 500 дан зиёд бўлажак мутахассис жаҳон мусобақаларига йўлланмани қўлга киритиш учун беллашади. Уларнинг билим-малакалари 30 та тоифа бўйича синовдан ўтказилади. Анъанавий касблар билан биргаликда IT, робот техникаси сингари замонавий касбларни ўрганаётган талабалар билимлари баҳоланади.
Санжар Татибеков, «Talap» КЕАҚ президенти:
- Дунё чемпионатларида иштирок этадиган талабаларимиз ҳар жиҳатдан қобилиятли, деб бемалол айта оламан. Шу йил олти нафари медальонга сазовор бўлгани бунинг исботидир. Медальон – жаҳон даражасида профессионал малакага эгалигини кўрсатдилар. Улар Францияда, Лион шаҳрида ўтказилган халқаро чемпионатда бунга эришишди.
Анъанавий беллашувларда сўнгги тўрт йил давомида қозоғистонлик веб-усталар пешқадамлар қаторида келяпти. Руслан Юсупов иккита дунё миқёсида нуфузли мукофот олди. Бу йўналишда шогирдлар тайёрлаётган мутахассис республика саралаш босқичидаги 500 нафардан зиёд экспертнинг бири.
Руслан Юсупов, веб технологиялари бўйича мустақил эксперт:
– Биз оддий веб саҳифаларидан тортиб, Google, Apple, Amazon каби йири компанияларда ишлатиладиган веб-иловаларгача бўлган сайтлар тайёрлаш билан шуғулланамиз. Қозоғистон WorldSkills чемпионати пешқадамларидан бири. Жорий йилда дунё биринчилигида Осиё давлатларининг деярли барчасини ортда қолдирдик. Фақат биринчи ўринни эгаллаган Кореяга етолмай қолдик. Келаси йили ғалаба қозонишимизга умид қиламиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси