Монголия-Қозоғистон: Кўчманчи тамаддун

Монголия-Қозоғистон: Кўчманчи тамаддун

Алматида бўлиб ўтган кўргазмада буюк ҳоқонлар битган мактуб ва фармонлар нусхаси тақдим этилди. Шунингдек, Мўғул империясининг Чингизхондан бошлаб Мункехонгача бўлган барча ҳукмдорлари суратлари кўрсатилди. Ташриф буюрганлар ишонч ёрлиқлари сифатида давлат раҳбарлари берган олтин тахтачалар, шунингдек, 13-асрга доир тангалар суратларини томоша қилди. Ташкилотчилар фикрича, Самарқандда зарб этилган олтин динорлар сурати тарихий аҳамиятга эга. Кўргазма Қозоғистон ва Монголия ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган.

Алуа Танжариқова, қозоқ миллий педагогика университети филология институти директори:

– Ахборот асридагилар учун ўша давр мактубларини кўриш мароқли. Бундай кўргазмалар эса кўчманчилар маданияти қандай ривожланганини кўрсатади. Бу эса ёшлар учун жуда қизиқарли.

Эрдэнэхуяг Ариунболд, кўргазма муаллифи:

- Ҳамма ҳам тарих билан тиллаша олмайди, артефактларни қўлида тутмайди. Бундай кўргазмалар эса қайсидир босқичларда умумий илдизлари, тарихи мавжуд бўлган халқ, мамлакатни яқинлаштиради. Биз саралаб келтирган, суратлар ва картиналарда акс этган маълумотлар кўп асрлар давомида буюк кўчманчи цивилизация мавжуд бўлганини кўрсатади.

Абдумалик Сарманов таржимаси