Молиявий пирамидаларга қарши кураш кучайтирилади

Молиявий пирамидаларга қарши кураш кучайтирилади

Қозоғистонда молиявий пирамидаларга қарши кураш кучайтирилади. Бугун сенат депутатлари ноқонуний молиявий ташкилотлар фаолияти хусусидаги қонун лойиҳасини тасдиқлади. Ҳужжат молиявий пирамидаларни реклама қилиш, тузиш ва бошқариш учун жиноий жавобгарликни кўзда тутган. Эндиликда бундай ташкилотларни тарғиб этаётган шахслар 3 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Маулен Ашимбаев, Қозоғистон Республикаси Парламент Сенати раиси:

- Молиявий пирамидалар – жиддий асоратларга олиб келиши мумкин бўлган долзарб муаммо. Шунинг учун замонавий чорловларни ҳисобга олган ҳолда амалдаги қонунчиликда бундай товламачиликка катта эътибор қаратилиши зарур. Молиявий пирамида рекламаси жиноят деб белгилангани, уларни яратиш, бошқариш учун масъулиятни оширишга қарор қилингани бежиз эмас. Натижада, фуқаролар ноқонуний молиявий ва инвестициявий лойиҳалардан яхшироқ ҳимоя қилинади.

Қозоғистонда аниқланган молиявий пирамидалар сони жадал ортмоқда. 2019 йилда мамлакатда 24 та шундай пирамида рўйхатга олинган бўлса, 2020 йилда улар сони 180 тага етди. Тегишли органлар берган маълумотга кўра, жорий йил бошидан буён одамлар маблағини товламачилик усулида, молиявий пирамидалар воситасида ўзлаштирилганига доир 31 мингдан кўпроқ ҳолат аниқланган.

 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.