Қозоғистонликлар криптовалюта дунёсини кашф қилмоқда. Бугунги кунда тобора кўпроқ ватандошларимиз рақамли пулларга маблағ киритяпти. Энг оммалашгани ва барқарори биткоинлигича қолмоқда. Лекин даромад олиш учун уни сотиб олганлар камида 4 йил кутиши керак, дейди соҳа экспертлари. Бошқа криптовалюталар анча жадал ўсмоқда. Лекин уларни оларкансиз таваккал ҳам ортади. Бошқача айтганда, бугун уларнинг нархи баланд, лекин эртага кескин арзонлашиши мумкин. Натижада, инвестор зарар кўради.
Ғимран Абдрахманов, компания бизнесини ривожлантириш бўйича бош менеджер:
- Даромад масаласида жуда қизиқарли бозор. Чунки унда жамғарма бозоридагидан кўпроқ пул ишлаб топиш мумкин. Шунинг учун жозибадорлиги жуда баланд. Бироқ беқарорлик ҳам мавжуд. Рақамли активларга, криптовалютага инвестиция киритишда таваккал катта. Бу соҳага ҳеч вақт бор топган-тутганингизни қўйманг. Яъни, уни сотиб олишга сарфлаган пулингизни йўқотиб қўйишдан қўрқмасангиз тикинг.
Жаҳонда рақамли пуллар бозори тобора ривожланиб боряпти. Ҳозир унинг ҳажми 2 триллион долларга етган, танга турлари сони 12 мингга етди. Тўрт юздан зиёд биржа бор, оддий одам уларнинг ҳаммасини ёдида сақлаб туриши ҳам қийин. Янги имкониятлар пайдо бўлиши ортидан янги товламачилик усуллари кашф этиляпти. Шунинг учун “Астана” халқаро молия маркази ходимлари фақат лицензия олган компанияларга ишонишга чақиради. Улар рўйхатини марказнинг расмий сайтидан топиш мумкин.
Айдар Бекназаров, компания бош комплаенс-менеджери:
- Лицензия нима ўзи? Лицензия компаниядан мажмуани жорий этишни, молия маркази талабларини бажаришни талаб қилади. Улар қаторида қонунчилик меъёрлари ҳам, мунтазам бериладиган ҳисоботлар ҳам бор. Уларнинг ҳаммаси тоза даромад олишингизга имконият яратади.
Шу билан бирга бировлар топганини рақамли пулларга тикаётган бўлса, бошқа бировлар бизнесни кенгайтириш ёки янги ғояларни рўёбга чиқариш учун маблағга муҳтож мавжуд компанияларга инвестиция киритишни истайди. Ҳозир Қозоғистонда ишингизни илгарилатишингиз учун барча шарт-шароитлар яратилган. Масалан, ноябрь ойидан тадбиркорлар ўз кейсларини қўядиган, бизнес-ёрдамчилар молиялаштирадиган майдонча ташкил этилади. Бу мамлакатда очилган шундай кўринишдаги биринчи интернет-майдонча.
Алпамис Алпис, компания асосчиси:
- Бизнинг мақсадимиз таклиф инвестор учун имкон қадар қизиқарли бўлиши. Инвестор қайсидир бир бошқа соҳага кетиб қолмасин, пулини қандайдир депозитга ташламасин, кўчмас мулкка ёки бошқа компанияга юбормасин деймиз. Яъни, бизга компаниялар келади ва майдончамизда инвестор учун курашади. Инвесторлар эса турли компанияларга пул киритиши мумкин. Мақсадимиз – турли саноатлардаги имкон қадар кўпроқ сифатли компанияларни жалб этиш.
Бугунги кунда янги майдончага киришни режалаштирган етарлича кўп сонли компаниялар бор, дейди Алпамис Алпис. Сайт жорий йилда иш бошлайди, демак, 2022 йил бошида дастлабки шартномалар тузилиши мумкин. Айни вақтда, стартап ғоясига ишонган ҳар бир шахс инвестор бўлиши мумкин.
Абдумалик Сарманов таржимаси