Миллий рақамли платформа ишга туширилади

Миллий рақамли платформа ишга туширилади

Жорий йилда Қозоғистонда инвесторлар учун Миллий рақамли платформа ишга туширилади. Ўзига хос ахборот тизими, шунингдек, тадбиркорлар, давлат органлари ва молиявий тузилмалар вакилларига ҳам фойдали бўлади. Мисол учун, сармоядор унинг ёрдамида мамлакатимизда таклиф қилинадиган қўллаб-қувватлаш чоралари ва давлат хизматлари билан танишиши мумкин. Бундай рақамли лойиҳанинг вазифаси биринчи ўринда, жараёнлар шаффофлигини таъминлаш, бу эса юртимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширади, дея таъкидламоқда Ҳукуматдагилар. Давлат раҳбари платформани қисқа фурсатларда ишга туширишни топширган. Дарвоқе, бу масъулиятли вазифа республика Рақамли тараққиёт ва Ташқи ишлар вазирликлари зиммасига юклатилган. Ташқи ишлар вазирлигида маълум қилинишича, платформа ҳозирча пилот тартибида ишлайди, унда фаолиятнинг асосий учта тамойили кўзда тутилган. 

Назира Нурбаева, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари:

- Сармоявий лойиҳаларни рўёбга чиқаришнинг барча босқичларини онлайн мониторинг қилиш, соҳага давлат органлари ва ҳокимликлар томонидан инвестиция киритилиши учун аризаларни, шу билан бир қаторда, инвесторлар хусусий лойиҳаларни амалга оширишида сўровларни автоматлаштириш. Бундан ташқари, мазкур тизимда инвесторлар бир қатор давлат хизматларини онлайн тартибда, давлат органлари билан минимал мулоқотда бўлган ҳолда олиши мумкин.

Хуршида Абдуллаева таржимаси.