Астанада бўлиб
ўтган илмий-амалий конференция иштирокчилари мамлакат мустақиллигининг асосий
тарихий босқичлари, ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ва ютуқларнинг ўзига хос
жиҳатларини муҳокама қилишди. Миллий архив биносида Парламент депутатлари,
дипломатлар, тарихчилар, шунингдек, таниқли давлат ва жамоат арбоблари
тўпланишди. Улар Давлат суверенитети тўғрисида декларациянинг қабул қилиниш
жараёнлари борасидаги хотираларини баён этишди. Бирғаним Айтимова тарихий
ҳужжат яратилишида иштирок этган, у XII чақириқ Қозоғистон ССР Олий кенгаши
депутати бўлган. Унинг айтишича, декларация матни муҳокамаси, қабул қилиниши
осон кечмаган. Аммо кейинчалик ундаги меъёрлар Мустақиллик тўғрисида қонун
қабул қилинишига асос бўлган.
Бирғаним Айтимова, давлат ва жамоат
арбоби:
-
Бу эса мамлакат ривожланиши учун, аввало, одамлар учун жуда муҳим эди.
Шунингдек, ҳудудий яхлитлигимиз, полигонлар қуришдан, ядро портлашларидан бош
тортишимиз унга киритилган эди. Ва, албатта, халқаро ташкилотлар, Бирлашган
Миллатлар ташкилотига кириш, дипломатик ва консуллик муносабатлар ўрнатиш
ҳуқуқимизни кўрсатганмиз.
Ўша йилларда
ижтимоий соҳада юқори лавозимда бўлган Қримбек Кушербаевнинг айтишича,
суверенитет сари йўл узвий давом этган, ундаги ҳар бир қадамнинг ўз аҳамияти
бор. Декларацияда ёзилган 17 банд халқимиз ва давлатимизнинг бугунги
барқарорлиги, фаровонлиги асоси бўлди, демократик ривожланиш йўлини очиб берди.
Қримбек Кушербаев, давлат ва жамоат
арбоби:
- Биз ҳақиқий демократик реализм даврида
яшаяпмиз. Замонавий Қозоғистон жамоатчилиги вакиллари ичида Адолат концепцияси
алоҳида эъзозланади. Адолат ва ҳокимият ҳамда халқ ўртасидаги тиғиз алоқалар
мавжуд бўлгани сабабли биз кўплаб муаммо ва масалаларни бадастур ҳал қиляпмиз.
Конференция
қатнашчилари таъкидлашича, Республика куни улкан тарихий аҳамиятга эга, ушбу
байрамнинг мазмуни халқнинг азалий орзуси — Мустақилликнинг рўёбга чиқишининг
рамзи сифатида кўринади. Ушбу муҳим тарихий сана миллий ўзига хосликнинг
шаклланишида ҳам муҳим ўрин тутади.
Еркебулан Амангўсов, Давлат тарихи
институти илмий-ахборот бўлими раҳбари:
- Республика кунини нишонлаш доирасида биз
халқчиллик ғояларининг чуқурлашиб бораётганини кўраяпмиз. Давлатнинг муҳим
сиёсий ечимлар қабул қилишда фуқароларнинг иродасига таяниб иш тутаётганини
кўраяпмиз. 2022 йилдаги Конституциявий
ислоҳотда ҳам, атом электростанциялари қуриш борасидаги сўнгги референдумда ҳам
шунга амин бўлдик. Биз мамлакат аҳли давлат тақдири ва эртанги куни учун
масъулиятни зиммасига олишга тайёрлигини кўраяпмиз.
Тадбир давомида Республика
кунига бағишланган, 1990 йил 25 октябрь
воқеаларини акс эттирувчи махсус кўргазма ташкил этилди. Меҳмонларга Миллий
архивга тегишли фотографиялар, қимматли ҳужжатлар нусхалари тақдим этилди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

