Миллий паркларга келаётганлар сони 2 миллионга етади

Миллий паркларга келаётганлар сони 2 миллионга етади

Қозоғистондаги миллий парклар сайёҳларни тобора кўпроқ ўзига жалб этмоқда. Мамлакат Маданият ва спорт вазирлиги прогнозига кўра, 2022 йилда туристлар сони 2 миллионга етади. Шундай кўрсаткичга эришиш  эҳтимоли катта. Жорий йилнинг биринчи ярмида биргина Бурабай миллий паркида 550 минг, Чимбулоқ тоғ курортида  240 минг, Чарин каньонида  салкам 35 мингта турист бўлган. Чарин жаҳоннинг энг машҳур 26 каньони қаторига киради. Илк марта келган саёҳатчилар бу ердаги беназир манзаралардан олган завқини яширмайди. Бу ҳудудда тасаввурга сиғмас даражадаги гўзалликлар жамланганини ўйламаганини айтади.

Антонио Янос, сайёҳ, Мексика:

- Бағри кенг, кўнгли очиқ халқи, замонавий шаҳарлари, бетакрор ландшафтлари мавжуд дилбар мамлакат. Бир кун давомида Швейцария, Саҳрои Кабир ва Америкада бўлдим, дейиш мумкин. Учта фарқли манзарани битта минтақада кўрса бўлади. Ажойиб. Сиз ноёб заминда яшайсиз.

Флориан Махео, сайёҳ, Франция:

- Биз французлар экотуризмни юқори қадрлаймиз. Бу ердаги ҳамма нарса менга ёқди. Миллий паркларни қадрлашингизни алоҳида кўрсатишни истардим. Гўё ёввойи табиат бағрига келгандекмиз. Фаввора ва дўконлар қулайлик беради. Францияда шундай каньон бўлганида, аллақачон чор-атрофини бозорга айлантириб юборишарди. Сувенир дўконлари ва дўконлар қуришарди. Бу ерда эса сокинлик ҳукмрон. Менга шуниси ёқди.

Чарин каньонида туристик инфратузилмалар ривожланишда давом этяпти. Меҳмонларга қулайлик яратиш мақсадида атроф-муҳитга зарари тегмайдиган иншоотларгина қурилади. Ҳудудда сифатли алоқа, интернет, ҳатто об-ҳавони кузатиб бориш учун мустақил метеостанция мавжуд. Йўналиш бўйича огоҳлантирувчи белгилар қўйилган, дам олиш учун махсус ўриндиқлар ўрнатилган.

Айжан Мўлдибаева, “Qazaq geography” Республика жамоат ташкилоти ахборот тарқатиш менежери:

- Инфратузилма объектларидан ташқари глэмпинглар келтириш ва кэмпинг учун жой ажратиш мўлжалланган. “Алтин Эмел” паркида, кэмпинглар учун тахта тўшама қўйилган, унинг устида дам олиш мумкин.

 «Алтин-Эмел» табиат паркига келаётганлар сони тобора ортяпти. Йил бошидан буён 10 мингдан зиёд туристга хизмат кўрсатилди. Экспертлар таъкидлашича, саёҳатчилар «Қизил китоб»га киритилган илвирс, архар, жайрон ва туркман қулонини кўришни орзу қилади. Айғайқумдаги куйловчи барханлар, Бесшатир қўрғонлари, Чўқон Валихонов булоғи ҳамда 800 ёшдаги дарахт кўпроқ оммалашган.

Тимур Дуйсекеев, сайёҳ:

- Биз бу йил Нур-Султондан Павлодар, Семей орқали саёҳат қилдик, Алакўлда бўлдик, сўнгра Алматига, Кўлсай кўлларига, Чарин каньонига бордик. Мана, «Алтин Эмел»дамиз. Ажойиб манзаралар. Кўплаб хорижликларни учратдик. Биздаги курортлар, диққатга сазовор ерлар Европа аҳлини жалб қилади. Мақтанишга арзигулик юртимиз бор.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.