Давлат раҳбари тилга олган мажмуавий хусусийлаштириш режаси рўёбга чиқарилиши миллий иқтисодиётни ривожлантириш билан бирга ижтимоий муҳим муаммоларни ҳал қилишга хизмат этади. Аналитик Сапарбай Жўбаевнинг айтишича, Миллий фаровонлик жамғармаси активларини рақобат майдонига чиқариш аввало мамлакатда кичик ва ўрта бизнеснинг барқарор ўсишига олиб келади. Иқтисодиёт ўсишидаги сифат ўзгариши инвестициялар келишига хизмат қилади ва қайта ишлаш саноати ривожланишига таъсир кўрсатади. Буларнинг ҳаммаси янги иш ўринлари яратилишига сабаб бўлади, демак, қозоғистонликларнинг фаровонлигига хизмат қилади, дейди эксперт. Эслатамиз, ўтган ҳафтада Қосим-Жўмарт Тўқаев йирик бизнес вакиллари билан учрашувда Миллий фаровонлик жамғармасини тубдан ислоҳ қилиш ниятини билдирганди. Президент топшириқлари доирасида бизнес-жараёнларни ва жамғармага қарашли компаниялар корпоратив бошқарувини ўзгартириш кўзда тутилган.
Сапарбай Жўбаев, иқтисодчи:
- Президентимиз тўғри йўналишда ҳаракатланишга туртки берди. Ҳозир кўрсатилган томонга силжиш учун режа асосида фаолият юритилмоқда. «Самруқ-Қазина» жамғармасини ислоҳ қилиш, шаффофлигини ошириш ва унинг активларини хусусийлаштириш бўйича таклифлар жуда тўғри. Бизнес-ҳамжамият ижтимоий масъулиятини ошириш ҳам. Бу ўзгаришларни амалга ошириш жуда муҳим. Жамият шуни кутяпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси