Мамлакат мустақиллигининг 30 йиллигига нодир совға. Қозоғистон Миллий музейи яна бир ноёб экспонат билан бойиди! Мамлакат асосий кўргазма залида саккизинчи «Олтин одам» намойиш қилинди, у Тасқоп қўрғонидан топилган. Бу сармат етакчиси бўлиб, эрамизгача бўлган ІV-ІІІ асрларда яшаган. Тадқиқотчилар айтишича, Ақтўбе вилоятидаги Тасқоп мозоридаги экспонатларни ўрганишга бағишланган икки йиллик мунтазам фаолиятдан кейин олимлар топилган қолдиқлар ўша даврнинг обрўли одамига тааллуқли эканлигини аниқлади. Мутахассислар тарихий шахс қиёфасини тиклашга киришди. Илмий реконструкция давомида унинг асл либослари, қуроли, 4 мингта тилла тақинчоқнинг аниқ нусхаси тикланди. Бу жиддий ишда қатнашган гуруҳ аъзолари таъкидлашича, жангчи юзи нисбатан ҳаётий, ўша давр одамлари қиёфасига жуда яқин тарзда ишланган. Уни музейнинг олтин залларидан бирида томоша қилиш мумкин.
Бўлат Атирабаев, рассом-реставратор:
- Ушбу «Олтин одам» аввалги экспонатларга ўхшамаслиги, ўзига хос бўлишини мақсад қилгандик. Чунки бу иш тарихда қолади. Шу сабабли, барча эскизларни кўриб чиқиб, мана шунисида тўхталдик. Уни шундай ўрнатдикки, гўё ҳозиргина катта жангдан қайтгандек. Унинг қиличи, қамчиси бор. Бу буюк шахс эканлигини кўрсатишга уриндик. Ўйлайманки, уддаладик. Кўпчилик у тирикдек туюлишини айтади. Бу катта меҳнат, толадан фойдаланиб, буни яратиш осон эмас.
Хуршида Абдуллаева таржимаси