Мажилис Рақамли кодекс лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади

Мажилис Рақамли кодекс лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади

Қозоғистонда Мажилис Рақамли кодекс лойиҳасини тегишли тузатишлар билан биринчи ўқишда маъқуллади. Ҳужжатда бармоқ излари, юз ва овозни таниш каби биометрик маълумотлардан фойдаланиш мустаҳкамланган. Бунда Электрон Рақамли Имзо қўл қўйишнинг ягона малакаланган шакли мақомини сақлаб қолади. Бу йўл билан имзоланган электрон ҳужжатлар қоғоз шаклдагисига тенглашади. Бундан ташқари, рақамли ҳужжат миллий регистрга мурожаат қилишда шаклланади ва асл нусхасини тақдим этишга тенглаштирилади. Шунингдек, рақамли тизимлар аудитининг уч босқичли тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Шундай қилиб, функционал аудит тизимларнинг мақсадлари ва амалдаги функцияларига мувофиқлигини текширади, киберхавфсизлик аудити таҳдидларга чидамлилик ва маълумотларни ҳимоя қилишни баҳолайди, тартибга солиш аудити қоидаларнинг кодекс ва қонунчилик талабларига мувофиқлигини текширади. Бундай тизим, дейди парламент аъзолари, шаффофлик, назорат ва рақамли давлатнинг жамият олдидаги ҳисобдорлигини таъминлайди.

Екатерина Смишляева, Қозоғистон Республикаси Парламент Мажилиси депутати:

- Кодексда шунингдек, меҳнат платформалари, маркетплейслар, хизмат агрегаторлари ва маъмурий рақамли хизматлар каби рақамли воситачиларни тартибга солишнинг асосий ёндашувлари баён этилган. Биринчи марта рақамли далиллар тушунчаси жорий этилмоқда, бу эса уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатларида ва суд жараёнларида қўллаш имкониятини беради. Бу рақамли ёзувлар, логлар ва транзакцияларни юридик жиҳатдан муҳим манбалар сифатида тан олиш йўлидаги муҳим қадамдир.

Абдумалик Сарманов таржимаси