Қозоғистон мажилисменлари ер муносабатлари бўйича қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Эслатамиз, ушбу ҳужжатнинг муҳим бандларидан бири – қишлоқ хўжалиги ерларини хорижликларга беришни тўлиқ тақиқлаш. Эндиликда хорижий компаниялар ҳам, хорижликлар улуши бўлган корхона ва илмий марказлар ҳам улардан фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас. Янги қоида фуқаролиги йўқ шахслар ва улар барпо қилган ҳуқуқий шахсларга ҳам тегишли.
Сапархан Умаров, Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири:
- Қондошлар томорқа юритиш, боғ барпо этиш ва чорбоғ учун ер участкасини ижарага олиши мумкин. Қишлоқ хўжалиги ерларини эса улар фақат Қозоғистон фуқаролигини олганидан кейингина ижарага олиши мумкин. Қонун лойиҳасига кўра, Ер кодекси ҳамда яна учта қонунга, шу жумладан, «Миграция тўғрисида»ги қонунга ўзгаришлар киритилади. Мазкур қонун лойиҳаси қабул қилиниши ижтимоий-иқтисодий ва қонуний жиҳатдан салбий оқибатларга олиб келмайди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда хорижликлар Қозоғистон ҳудудида қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланишда давом этяпти. Вазирнинг билдиришича, улар бу ерларни мораторий киритилишидан аввал олиб улгурган. Бу майдонлар давлатга қайтарилади.
Сапархан Умаров, Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири:
- 74,4 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерлари 7 та бирлашган корхонага берилган. Бундан ташқари, иккита хорижий ҳуқуқий шахс шу кунларда 18,5 минг гектар ерни ижрага олган. Бу ерларнинг ҳаммаси мораторийдан олдин берилган. Муддати 2022, 2025 йилларгача. Муддати тугаши билан ерлар давлатга қайтарилади.
Ҳужжатни бир овоздан қабул қилган депутатлар қонун лойиҳаси бир асрдан буён турли баҳсларга сабаб бўлган муаммоли масалага ечим бўлиши мумкинлигини таъкидлашди. Шуни ҳам, айтиш керакки, аввалроқ тузилган Ер ислоҳоти комиссияси ҳам ўз ишини давом эттиряпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси