Жорий йилда Қозоғистонда таниқли шоир Машҳур Жусуп Кўпеевнинг
165 йиллиги нишонланмоқда. Павлодар вилоятида қозоқ адабиёти ва маданияти
арбобининг туғилган куни атаб ўтилди. Юбилей доирасида минтақада айтишув, терме
ижрочилари танлови, кўкпар, пойга ва қозоқ кураши беллашувлари ўтказилди.
Эслатамиз, Машҳур Жусуп Кўпеев ўз даврида қозоқ халқ ижоди намуналарини тўплаш
билан шуғулланган. У жуда кўп эпос, достон, эртак ва айтишувларни қоғозга
муҳрлаган. Қозоқ халқининг кўп қиррали истеъдодга эга фарзанди тарихчи,
этнограф, маърифатчи, фольклорчи сифатида из қолдирди, кўп тилларни билган. Араб ва форс тилларини мукаммал
эгаллаган. Тантанали тадбирда Мажилис раиси президентнинг табрик хатини
ўқиб берди.
Ерлан Қўшанов, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси раиси:
- Машхур Жусуп Кўпеев халқимизнинг маънавий бойлигини сақлаб қолишга, халқ оғзаки ижоди, шажараси, урф-одатлари ва анъаналарини ўрганиш, илгари суришга улкан ҳиссасини қўшган. Унинг шеърлари, қоғозга туширган эпослари ва достонлари одамлар қалбида маънавият уруғини қадайди, қозоқ адабиёти уфқларини кенгайтиради. Барчамизнинг умумий вазифамиз унинг эл хотирасида абадий сақланишига эришишдан иборат.
Абдумалик Сарманов таржимаси