Фотосанъатнинг бутун нозиклик ва нюанслари. «National GeogrАphic»нинг машҳур фотографи Гердт Людвиг қозоғистонлик мактаб ўқувчилари учун мастер-класслар ўтказади. Мамлакатнинг турли шаҳарларидаги Назарбоев Заковат мактабларидан бўлган 40 нафар иштирокчи учун ҳар бир дарс хатолар устида ишлашдан бошланади. Бу сафар ёш фотографчилар мураббий билан бирга уйга вазифа қилиб берилган табиат суратларини муҳокама қилди. Маҳорат шундай чархланади.
Диана Бекишева, НЗМ ўқувчиси:
– Фотокомп ёрдамида янги атамалар, янги имкониятларни ўргана бошладик. Биз нафақат қозоғистонлик, балки хорижлик мутахассислардан ҳам санъат сирларини ўрганаётганимиздан мамнунмиз. Масалан, Гердт Людвиг бизга кўникмаларни амалда қўллашни ўргатди, экспозиция, диафрагма, тутиб туриш нималигини тушунтирди.
Ҳар бир сурат ўзига хос ва қизиқарли бўлиши шарт, дейди Гердт Людвиг. «National Geographic» журнали фотографи ярим асрдан бери бутун дунё бўйлаб саёҳат қилади. Тўплаган бутун билим ва кўникмаларини ёш авлодга етказишга тайёр.
Гердт Людвиг, «National Geographic» журнали фотографи:
- Фақат ўзига ишонган одамгина бошқалар билан ўз билимларини, баъзида севимли иш сирларини бўлишишга тайёр бўлади. Бу болаларнинг бари истеъдодли, фотосанъатдаги илк қадами муваффақиятли. Мен болалар кўзида учқун кўрдим, уларга суратга тушириш ёқади. Эндиги вазифаси - ўз ишида энг яхшиси бўлиш. Ҳаммасини эплашади.
Курсларни тугатгандан кейин ўқувчилар ўз мактабларида фотосанъат клубини очишни режалаштирган. Ва барча истовчиларга теран фикрни ифодалашни ўргатмоқчи.
Абдумалик Сарманов таржимаси