2023 йилда Евроосиё Тараққиёт Банки инвестицияларининг ярми Қозоғистондаги лойиҳаларни рўёбга чиқариш учун йўналтирилади. Мамлакатнинг устувор соҳаларига 1,1 миллиард доллар сармоя киритилиши режа қилинган. Жумладан, Алматидаги ТЭЦ-3 ни модернизация қилиш, Туркистон вилоятида буғ-газли ускуна асосида ишловчи электр станцияси, Жамбил ва Қўстанай вилоятларида шамол электр станциялари қуриш учун капитал киритилади. Банк беш йиллик стратегияси доирасида камида 3,8 миллиард доллар ажратишни режалаштирган. Молиявий ташкилотдан маълум қилишларича, шу тариқа ЕОТБ мамлакатимизга хусусий ва стратегик инвесторлар жалб этилишига ёрдам беради. Аналитиклар ҳисобига кўра, банк Қозоғистон иқтисодиётига 10 миллиард доллар жалб қилинишига восита бўла олади. Хусусан, “яшил” ва ижтимоий масъул иқтисодиёт, озиқ-овқат хавфсизлиги, инфратузилмалар, «БМТ Барқарор тараққиёт мақсадлари»га эришиш, Қозоғистон экспортини кенгайтириш каби йўналишлар инвестициялар учун устувор ҳисобланади. 2022 йилда банк саноат, озиқ-овқат, транспорт, молия соҳаларига маблағ киритган.
Абдумалик Сарманов таржимаси