Швейцариядаги Берн музейига ташриф буюрсангиз, Буюк Дашт тарихи, маданияти, маиший турмуши ҳақида маълумот олишингиз мумкин. Бу ерда «Шарқий коллекция»га бирлаштирилган 2 мингтача артефакт ва экспонат сақланмоқда. Улар ораcида Олтин Ўрда хонлари тангалари, хариталар ва ўтмишдаги қозоқлар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи турли фото ва мақолалар бор. Бундан ташқари, турли қиличлар, тақинчоқлар, от анжомлари, сопол идишлар, қўлда тўқилган гиламлар коллекцияси мавжуд. Уларни қачонлардир Марказий Осиёда бўлган Европалик меҳмон Анри Мозер ўзи билан олиб келган.
Албан Вон Штокхаузен, Берн тарихий музейи ходими:
- «Тусклем» - Мозернинг «Шарқий коллекция»сидаги энг қимматли экспонат. Бу гилам олийнасаб Дашт ва Европа вакилларини қабул қилган дипломатик миссия қарогоҳи деворига осилган. Унда олтин суви юритилган равоқлар тасвирланган. Гилам орқа томонда бўлган. Махсус материал ва рангларга кўра меҳмонлар ўрни кўрсатилган, натижада, ташриф буюрган одам мақоми аниқ кўринган. Артефакт минтақа давлатларидаги сиёсий, ҳарбий, ижтимоий табақалар ҳақида маълумот беради. Уни Марказий Осиё тарихига дарча дейиш мумкин.
Томас Паули-Габи, Берн тарихий музейи директори:
- Музейимиз Берн тарихи учун жавобгар ва шаҳар ҳамда кантон учун муҳим саналган экспонатларни ўзида сақлайди. Аммо бизда юзлаб йиллар мобайнида Марказий Осиё санъатига оид ноёб коллекция ҳам сақланмоқда. Музей учун унинг тарихий аҳамияти юксак.
Таъкидлаш лозимки, бир неча йил мобайнида қозоғистонлик олимлар Берн музейи архивларини ўрганиб чиқди. Тадқиқот натижаларига кўра «Анри Мозер жамғармасидаги Қозоғистон тарихи ва маданиятига оид қўлёзмалар ва артефактлар» китоб-альбоми ҳозирланди. 472-саҳифали нашр тарихий артефактлар сурати билан бирга қозоқ, инглиз ва рус тилларида чоп этилди. Берн тарихий музейи ва университет келажакда, шу жумладан, Қозоғистоннинг Сулейменов номли Шарқшунослик институти билан ҳамкорликни давом эттириш ниятида.
Абдумалик Сарманов таржимаси