Ёввойи, цивилизация дахл қилиб улгурмаган Манғистау вилояти табиати яратган ғаройиб манзара ва масканлар ҳар йили жаҳоннинг турли қисмларидан юз минглаб туристларни жалб этади. Муқаддас заминга қадам қўйиш, Буюк Даштнинг қадимий тарихидан баҳра олиш, бепоён кенгликларига ошно бўлиш – Манғистауда буларнинг ҳаммаси мумкин. Саёҳатчилар энг севган жойлардан бири – Бўзжира дараси. Таъкидлаш керакки, минтақа туристик жойлари қаторида у биринчи ўринда туради.
Манғистау вилоятининг бетакрор табиий ва муқаддас жойлари орасида Устюрт платосидаги самовий Бўзжирадан ташқари Қарақия ботиғи, Айрақти-Шўманай қасрлар водийси, Шерқала тоғи ҳамда Қизилқуп дарасини ҳам кўрсатиш мумкин. Охирги тилга олинган манзил кашта каби кўринадиган қумтепалар билан боғланган кўркам пасттоғларни ўзида ифода этади. Қуш парвози баландлигидан қарасангиз, бу тепаликлар гигант ўлчамли сеҳрли саккизоёқ пайпаслагичларига ўхшайди. Халқ орасида эса Қизилқуп баъзан Манғистау Тирамиси дейилади.
Людмила Коровина, экскурсовод:
- Бу ерда кезганда, қачонлардир шовуллаб турган Тетис уммонидан қолган ғаройиб топилмаларга дуч келиш мумкин. Аммонитлар, акула тишлари учрайди. Энг кўп Япониядан туристлар ташриф буюради, Италия ва бошқа давлатлардан ҳам.
Ушбу минтақада жойлашган ғаройиб табиат мўъжизалари, қадимий қўрғонлар, ер ости ибодатхона ва шаҳарларининг юздан бир қисмини кўриб чиқиш учун бир неча кун қолиш зарур. Саёҳатчиларни равон йўллар камлиги ҳам, вилоят иқлимининг бениҳоя оғирлиги ҳам чўчита олмайди. Масалан, машҳур тош шарлар водийси – Тўришга етиб бориш учун яримсаҳро даштлар орқали 100 километрдан зиёд йўл босиш зарур. Лекин минтақадаги томоша қилинадиган нарсалар, шубҳасиз, шунга арзийди.
Айгерим Акимжанова, мухбир:
- Бу ер эса Манғистаунинг энг сирли ва ноёб, диққатга сазовор жойларидан ҳисобланади. Ҳалигача очилмаган Тўриш дарасидаги зўлдир тошларнинг келиб чиқиш сири 250 йилдан буён дунё олимлари эътиборида қолиб келмоқда. Баъзи жойларда улар цилиндрлар, матрёшкалар, кокослар, космик объектлар ва ҳатто боулинг шарларини эслатади. Бу сирни изоҳловчи турли-туман тахминлар, фаразлар оз эмас. Маҳаллий халқ ичида оғиздан оғизга ўтиб келаётган афсоналардан бирига кўра, улар афсун билан тошга айлантирилган босқинчи душманлардан иборат.
Йил бошидан буён вилоятга салкам 180 минг турист ташриф буюрган. Ҳозир бу минтақа маҳаллий ва хорижий капитал жалб этилаётган етакчи ҳудудлар қаторига киради. Жорий йилда салкам 100 миллиард тенге миқдорида 14 инвестициявий лойиҳалар рўёбга чиқарилади. Маҳаллий туристик маҳсулотни илгари суришда KazakhTourism миллий компанияси катта улуш қўшмоқда.
Талғат Аманбаев, «Kazakhtourism» миллий компанияси бошқарувчи директори:
- Сўнгги йилларда инфратузилмалар фаол ривожлантирилаётганини кўриб турибмиз. Ниҳоят, минтақага оилавий туристлар, резорт-туристлар, лакшери-туристлар ташриф буюра бошлади. Манғистау салоҳиятига кўра энг кучли минтақалар ўнлигига бежиз киритилмаган. Унга KazakhTourism бошқа давлат органлари билан бирга фаол маблағ киритиш, минтақани қўллаб-қувватлаш ниятида.
Фото: tengritravel.kz