Мушак-скелет тизимида нуқсони бўлган болаларнинг оёққа туришига кўмаклашувчи оқ халатли халоскор. Қозоғистонлик реабилитация шифокори Латиф Парпиев 4 йилдан бери ҳаракатланиши чекланган икки ёшгача бўлган болалар реабилитацияси билан шуғулланади. Ўтган вақт ичида 15 мингга яқин беморни қабул қилиб, 10 мингдан зиёдини даволаган, соғайишида кўмак кўрсатган.
Азел Абдирахманова:
- Биринчи марта Латиф Даурановичга болам бир ёшу уч ойлигида мурожаат қилганмиз. Ўша пайтда Муҳаммад эмаклай олмасди, фақат ўтирарди. Кейин Латиф Дауранович ёрдами билан эмаклай бошлади, бироз вақт ўтиб, суяниб юришни ўрганди. Ҳозир яхши юради. Бу еттинчи курс. Ҳар бир курсдан сўнг натижа албатта бўлади. Шу боис, Латиф Даурановичга катта раҳмат, жуда катта ёрдам берди.
Латиф Парпиев бу хасталикка чалинган бола қанчалик эрта муолажа олса, натижа шунчалик яхши бўлишини уқтиради. Бу борада «Реанимация ҳолатида болаларнинг эрта диагностикаси», «Янги туғилган гўдакларнинг эрта диагностикаси», «Ота-оналар мактаби» номли лойиҳалар муаллифидир.
Латиф Парпиев, болалар реабилитологи:
- Бола учун қулай бўлган, ҳар бир ташхисда қўллаш мумкин бўлган усулни ўйлаб топдим. Методика тўплами, деса ҳам бўлади. Бу ҳар бир бола, ҳар бир ташхис билан ишлаш жараёнидаги кузатувларим натижаси, кўпгина болалар шу туфайли оёққа турган. ДЦП ташхиси қўйилган болаларни даволаб, бу ташхисни йўққа чиқаришга муваффақ бўлдим.
Ўз ишининг устаси бўлган шифокор ҳамкасбларига янги туғилган гўдакларни ташхислаш борасида маҳорат дарслари ўтади. Шуниси эътиборлики, машғулотлар текин. Мутахассис шуҳрати юртимиз сарҳадларидан ошиб ўтган. Ҳозирда Осиё, Европа мамлакатларидан кўплаб беморлар шифо излаб келмоқда. Шунингдек, қаҳрамонимиз кўнгилли ҳамдир. Турли жамоат фондлари ва волонтёрлик гуруҳларининг фаол аъзоси.
Латиф Парпиев, болалар реабилитологи:
- 8 йилдан бери ишлаётганим учун бу иш ҳаёт тарзимга айланган. Беморлар қўнғироқ қилганида, ватсап ёки инстаграмга юборишни сўрайман. Шу тарзда, ҳар куни кечқурун соат 8 дан 9 гача ёки 9 дан 10 гача уларга текин маслаҳат бераман. Бепул тўлиқ ташхис қўйиб бераман. Нима қилиш кераклигини тушунтираман.
Тиббиёт соҳасида уч бора республиканинг энг яхши волонтёри деб топилган Латиф Парпиев жорий йилда «Қозоғистоннинг 100 янги номи» лойиҳаси ғолибига айланди.
Абдумалик Сарманов таржимаси