Қозоғистонда жисмоний шахслар учун 3 турдаги банкротлик тартиби жорий этиш режа қилинмоқда. Молия вазирининг биринчи ўринбосари Марат Султанғазиев уқтиришича, масалан, 12 ой ичида қарзини тўлай олмаганлар учун суддан ташқари процедура амал қилади. Бу ҳолатда сумма 300 минг тенгедан ошмаслиги, ҳисобига қарзни сўндириш мумкин бўлган мулк мавжуд бўлмаслиги лозим. Бундан ташқари, 5 миллион тенгедан кам қарзи бўлган ва уни тўлаш муддати олти ойдан кўп бўлмаган фуқаролар банкротлик жараёнини бошлашлари мумкин. Тўлов қобилиятини тиклаш тартиби судда қарзларни беш йилгача бўлган муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини қўлга киритишни назарда тутади. Бу барқарор даромадга эга бўлган ҳолатда мумкин. «Суд банкротлиги» тартиби 5 миллион тенгедан ортиқ сўндирилмаган қарзи бор фуқароларга нисбатан қўлланади. «Айрим экспертлар банкрот бўлган шахсларга давлат лавозими ёки молия муассасаларидаги амални эгаллашни тақиқлашни таклиф қилди. Бу масалалар кўриб чиқилади», деб илова қилди вазирнинг биринчи ўринбосари.
Марат Султанғазиев, Қозоғистон Республикаси Молия Вазирининг биринчи ўринбосари:
- Ушбу жараёнда қарздорнинг мол-мулки ким ошди савдосида сотилади. Олинган маблағлар белгиланган тартибда кредиторлар олдидаги қарзларни тўлаш учун сарфланади. Агар ягона уй-жой гаров предмети бўлса, кредитор уни фақат суд банкротлиги пайтида мусодара қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Агар ягона уй-жой гаровда бўлмаса, кредиторлар унга даъво қила олмайди. Қолган тўланмаган сумма, агар қарздорда ишончсизлик белгилари бўлмаса, ҳисобдан чиқарилиши керак. Айни пайтда, алимент тўлашга оид қарзлар ва бошқа шахс ҳаёти ҳамда соғлиғига етказилган зарар ҳисобдан чиқарилиши мумкин эмас.
Абдумалик Сарманов таржимаси.