Сайт холларни сканерлайди ва нейротармоқ орқали таҳлил қилади. Фотосурат ёрдамида касаллик типи ва сифати аниқланади. Бунинг учун сунъий интеллект 13 мингта суратни ўрганиб чиққан. Маълумотлар базаси Гарвард университетида синовдан ўтган. Жараён 10 кун талаб қиладиган цитологик ва гистологик тадқиқотлардан фарқли равишда, 5 сония вақт олади. Сайт ҳозирча 9 та касалликка ташхис қўя олади. Ёш ихтирочилар келажакда Тошкентда бўлиб ўтадиган халқаро стартаплар кўргазмасига боради ва ишланмани ҳаётга тадбиқ этиш таклифини беради.
Арай Камалиева, Назарбоев заковат мактаби ўқувчиси:
- Жамоамиз ташхис ҳаққонийлигини 100 фоизга яқинлаштириш ниятида. Бунинг учун машина муҳандислигидан фойдаланилади. Бунга керакли барча воситалар мавжуд. Биз МДҲ мамлакатлари ва узоқ хориж кутубхоналаридаги маълумотлардан фойдаланган ҳолда иш юритамиз. Сунъий интеллектни ривожлантиряпмиз. Унга асимметрия, хол ранги каби критерийлар киритилади. Шунда касаллик босқичини белгилай оламиз. Ташхис аниқланади.
Таъкидлаш лозимки, Қозоғистонда тери саратони онкокасалликлар ичида учинчи ўринда туради. 2021 йилда салкам 4 минг янги ҳолат аниқланган. Ўтган йилга нисбатан ўсиш 20 фоизга тенг.
Дина Тулеуова, Қозоғистон онкология ва радиология илмий тадқиқот институти хирурги:
- Тери мелономаси алоҳида касаллик гуруҳи. Онкологиядаги энг тажовузкор ўсмалардан бири, тез ўсиши, метастаза бериши ва нохуш прогнози билан ажралиб туради. Баъзида одам танасидаги оддий хол жароҳат олиш оқибатида меланомага айланади. Лекин бир қарашда бу ўзгаришни сезмаслик мумкин. Кашфиётчилар билан учрашиб, уларнинг ташхис усули нимага асосланганини кўришни истардим. Биргаликда ишлашимиз мумкин, агар бу ташхис қўйишга ёрдам берса ва касалликни эрта аниқлашга ёрдамлашса айни муддао бўлади.
Абдумалик Сарманов таржимаси