Қозоғистон Халқаро кинология федерациясининг Бош ассамблеясида
қатнашади. Унда мамлакатнинг ташкилотга аъзо бўлиши масаласи кўрилади. Тўлақонли аъзолик асл қозоқ ит
зотлари дунё миқёсида тан олиниши учун йўл очади. Эслатамиз, ўтган йили Президент
Қосим-Жўмарт Тўқаев този ва тўбет зотларини сақлаб қолиш ва халқаро майдонда
оммалаштириш бўйича олиб борилаётган ишларни фаоллаштиришни топширганди.
Бауржан Серикқали, Қозоғистон кинологлар иттифоқи
президенти:
– Биз халқаро ташкилотнинг барча талабларини бажардик.
Шунинг учун йўлимизда тўсиқлар қолмаганига умид қиламан. Аъзоликка муносиб
эканлигимизга шубҳам йўқ. Мақсадимизга эриша олишимизга ишонаман. Този зотини
тан олишлари учун ҳаракат қиламиз. Сўнгра тўбет билан ишлаймиз. Този халқаро федерациянинг
номенклатура рўйхатига киритилган. «Qazaq Tazy» бренди бизда бор, дейишимиз
мумкин. Бу воқеа тарихда
қолиши аниқ ва биз бундан мамнунмиз.
Женевадаги федерация йиғилиши доирасида «World Dog Show»
кўргазмаси бўлиб ўтади. Унда 20 мингдан зиёд турли зотларга мансуб итлар
қатнашади. Кинологик тадбир доирасида жаҳон чемпиони унвони учун курашда тозилар
ҳам қатнашади. Ўскеменлик Елена Хардина 20 йилдан буён шундай зотга мансуб
жониворларни етиштириш билан шуғулланади. Профессионал заводчининг айтишича, този Қозоғистон
шарафини халқаро саҳнада ҳимоя қилишга қодир.
Елена Хардина, кинолог:
– Бу бизнинг зотимиз. Қозоғистонда етиштирилган този ғалаба
қозониши керак, деб ҳисоблайман. Бизни дунё тан олишини истаймиз. Бу зот чиройли,
оммалашган, ишга яроқли. Шунинг учун уни
Туркияда, Россияда, Беларусда ҳам яхши кўришади, уларда бундай зот
етиштириладиган мукаммал питомниклар бор. Украинада ҳам машҳур. Ҳозиргина
кучукларни кўрсатдим. Итальянлар
ва ҳатто америкаликлар воқеаларни кузатиб бораётир.
Қозоғистонлик кинологлар ва уларнинг тўрт оёқли дўстлари
мақсадга етиш учун 8 минг километр
масофадан ўтиши, 10 давлат орқали 7 кун йўл босиб, Женевага бориши
кутилмоқда.
Абдумалик Сарманов таржимаси