Тиббий ускуналар тайёрлайдиган компания вакиллари таъкидлашича, ушбу ускуна жуда оммалашган, унда, жумладан, ҳомиладорлар скрининги амалга оширилади. Ишланма муаллифлари маълум қилганидек, диагностика ускунаси тиббиётчилар учун қулай. Тизимнинг техник имкониятлари инновациявий жиҳоз туфайли аниқ ташхис қўйиш имкониятини беради. Давлат тилидаги дастур шифокорлар учун ҳам, беморлар учун ҳам қулай. Унинг ёрдамида таҳлил натижасини қозоқ тилида олиш мумкин.
Еркин Длимбетов, замонавий тиббий ускуналар ишлаб чиқарувчи компания бошқарув раиси:
– Бугунги кунда қозоқ тили жуда оммалашган. Биз шифокорларнинг иш тезлигини ошириш ҳамда улар техникани яхши ўзлаштиришини асосий шарт сифатида кўрмоқдамиз. Шунинг учун бир йил давомида қўшимча иш олиб борилди. Қозоқ тили ҳамда ультратовуш ташхиси, шунингдек, акушерлик ва гинекология каби ёндош соҳалар мутахассислари билан ҳамкорликда ишладик, ускуналардаги ёзувларни, дастурни, фойдаланувчи интерфейсларини таржима қилдик ва қозоқ тилида ёздик.
Бир йил давомида компания 150 та УТД-сканер ишлаб чиқаришни режалаштирган. Кейинги йилларда Марказий Осиё ва Кавказга, Яқин Шарққа экспортни йўлга қўйиш ҳисобга олингани ҳолда, 300 тадан чиқарилади. Шу билан бирга, бошқа тиббий ускуналарга ҳам қозоқ тилини ўрнатиш бўйича иш давом этади. Умуман олганда, Қозоғистонда чиқарилган ускуналар 12 тилда маълумот бера олади.
Еркин Длимбетов, замонавий тиббий ускуналар ишлаб чиқарувчи компания бошқарув раиси:
– Бу ишни амалга оширишга киришганмиз. Ҳозир рентген ускуналарига киритиляпти, беморлар мониторларида мавжуд. Ускуна бир неча тилда ишлай олади. Марказий Осиё бозорларига кириш ҳақида ўйлаганмиз, бундай иш юритишни мақсад қилиб қўйганмиз. Шунинг учун приборларда қирғиз, ўзбек, тожик, туркман тилларини жорий этиш ниятидамиз. Яъни ускуна ушбу жиҳатдан тўла локаллашуви кўзда тутилган. Ҳозир приборларга – рентген ускуналари, бемор мониторлари ва УТД жиҳозларига қирғиз тили киритилмоқда.
Яқин келажакда Қозоғистондаги ишлаб чиқарувчи 70 турдаги тиббий ускуна чиқаришни режалаштирган.
Абдумалик Сарманов таржимаси