Москвада уч қозоқ шоири: Абай Қўнонбоев, Жамбил Жабаев ва Муқағали Мақатаев ижодига бағишланган кўргазма очилди. Мамлакат Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган экспозицияда Россия ва Қозоғистон кутубхоналаридан олинган қимматли ва эксклюзив нашрлар намойиш этилган. Улар орасида 1909 йилда Санкт-Петербургда чоп этилган Абайнинг қозоқ тилида, араб ёзувида чоп этилган дастлабки тўпламининг асл нусхаси ҳам бор. Таъкидлаш лозимки, кўргазма Қозоғистон Миллий академик кутубхонасининг «Хотира ва тинчлик йўлида» халқаро лойиҳаси доирасида ўтказиляпти. Унинг энг муҳим вазифаларидан бири – кутубхона жамғармалари учун маълумот ва материал тўплашдан иборат.
Вадим Дуда, РГБ бош директори:
- Ленин кутубхонасида 47 миллионта ҳужжат бор, салмоқли қисмини Қозоғистондан олинган китоблар эгаллайди. Бу ерда 50 мингдан кўп тўплам мавжуд. Уларнинг баъзилари жуда ноёб ва қимматли. Биз қозоғистонлик дўстларимиз билан бирга жамғармамиздаги китобларни кўпчиликка намойиш этиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Шу тариқа аудитория эътиборини қаратамиз.
Баянғали Алимжанов, ёзувчи:
– Биз Ржев шаҳрига боришни режалаштирганмиз. Улуғ Ватан уруши йилларида у ерда кўплаб ватандошларимиз ҳалок бўлган. Бу шаҳарда кутубхоначилар билан учрашув ташкил қиламиз. Омск шаҳрига сафар мўлжалланган. Омск ва Қозоғистон кутубхоналари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ниятидамиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси