Қозоғистонда IT-саноат кенгаймоқда

Қозоғистонда IT-саноат кенгаймоқда

Қозоғистонда Ай-ти мутахассисларига талаб ортиб боряпти. Ёш, билимли, ижодкор ўз ишининг усталари мамлакатда ҳам, хорижда ҳам бирдай керак. Янги саноат трендлари ҳақида ҳикоя қиламиз.

Экспертлар маълум қилишича, сўнгги 4 йил ичида Қозоғистонда Ай-ти бозори 70 фоизга ўсган. Бугунги кунда бу йўналишда кадрлар зарур. Янги вакансияларнинг 85 фоизи рақамли саноатга тўғри келади. Шунинг учун ай-ти мутахассис тайёрлаш устувор йўналишлар қаторига киради. 2025 йилгача республикада камида 100 минг мутахассис тайёрланиши кутиляпти.

Бағдат Мусин, Қозоғистон Республикаси рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазири:

- Ҳозирнинг ўзида 3 мингдан зиёд қозоғистонлик талаба Tech Orda дастури доирасида IT-соҳаларда таълим оляпти. 49 та хусусий IT-мактаб мутахассис  тайёрлаш билан машғул. Бу борада таълим олаётган фуқаролар 2023 йилдан ишга киришиши мумкин. Tech Ordaда таълим устувор йўналишлар: веб-ишланмалар, 3D-дизайн, дастур ва аппарат таъминоти, мобиль илова яратиш, Big Data, Blockchain ва бошқалар устида амалга оширилади.

Динмухамед Нуржаунинг 10 йиллик орзуси, яъни жаҳонга машҳур Гугл корпорациясининг бир қисмига айланиш нияти рўёбга чиқди. Илғор билимлар ва айти-мутахассис малакасини эгаллаш учун Японияда ўқиди. Бир йил ичида япон тилини ўрганди, Googleнинг IT-стартапида ишлай бошлади.

Динмухамед Нуржау, талаба:

- Дастурлаш, тадбиркорлик, маркетинг. Фақат шулар керак. Мен назариядан кўра кўпроқ амалиёт қимматли, деб ҳисоблайман. Ўқишдан кўра компанияда ишлашни маъқул кўрдим. Акселерация дастурига ариза бериш мумкин, Гугл стартапларга ёрдам беришга тайёр.   

Қозоғистонда иқтисодиёт ўсишида рақамли технологиялар улуши ҳозирча 0,3 фоизга тенг. Беш йил ичида бу кўрсаткич 1 фоиздан ошиши кутиляпти. Бунинг учун эса тайёргарликдан ўтган мутахассисларни қўллаб-қувватлаш зарур.

Абдумалик Сарманов таржимаси