Қозоғистоннинг инвестициявий жозибадорлиги ортяпти

Қозоғистоннинг инвестициявий жозибадорлиги ортяпти

Қозоғистон халқаро молия ташкилотлари билан алоқаларни кенгайтиряпти. Европа Тикланиш ва тараққиёт банки «Ақтўбе – Улғайсин» йўл участкасини модернизация қилади. Бош вазир Ўлжас Бектенов халқаро ташкилот президенти Одиль Рено-Бассо билан тегишли шартномани имзолади. Лойиҳа транспорт алоқасини ривожлантириш ва Қозоғистон ҳудудидан ўтадиган транзит оқимлар кенгайишини таъминлаш учун хизмат қилади. Томонлар Астанада подстанция қуриш масаласини ҳам кўриб чиқди. ЕТТБ етакчиси биргаликда мамлакат учун энергетика майдончаси ишлаб чиқишни таклиф этди. Бу эса соҳага «яшил» инвестициялар келишини осонлаштиради. Таъкидлаш лозимки, ўтган йили мазкур ташкилот Қозоғистон иқтисодига киритилаётган йиллик сармоя миқдорини уч марта оширди. Томонлар турли йўналишларда 935 миллион доллар инвестиция киритишни кўзда тутган 25 та шартнома имзолади.

Ҳусейн Ўзхан, ЕТТБ Марказий Осиё ва Монголия бўйича бошқарувчи директори:

- Биз турли соҳаларда ижобий ўзгаришларни кўряпмиз, шу жумладан, Миллий инфратузилма режаси рўёбга чиқариляпти. Банк секторида ислоҳотлар бошланди. Биз давлат-хусусий ҳамкорлик доирасидаги лойиҳаларнинг ривожланиш салоҳияти юксаклигига ишонамиз.

Қозоғистонда дори-дармон ишлаб чиқариш ортмоқда

Чимкентдаги «Химфарм» заводи базасида янги ишлаб чиқариш бинолари ва лабораториялар қурилади. Бош вазир Ўлжас Бектенов Polpharma Group кузатув кенгаши раиси Ежи Старак билан корхонанини кенгайтириш режаларини муҳокама қилди. Асосий эътибор мамлакат аҳолисини таъминлашга қаратилади. Йилига 2 миллиард қути дори-дармон тайёрланиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳаларнинг рўёбга чиқарилиши учун жами 62,5 миллиард тенге инвестиция киритилади. Янги ишлаб чиқариш жаҳон стандартларига мос янги ускуналар билан жиҳозланади. Ҳукумат томонидан янги инвестициявий лойиҳани ишга туширишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатилиши таъкидланди.

Абдумалик Сарманов таржимаси