Қозоғистоннинг асосий қисмида тошқин хавфи ортда қолди. Тезкор йиғилишда шундай баёнот берган Ўлжас Бектенов Атирау вилоятида сув келиш эҳтимоли борлигини кўрсатди. Ёйиқ дарёси сатҳи кўтарилишида давом этяпти. Хавфли нуқтагача атиги бир метр қолди. «Яқин кунларда» авж нуқтага етиши кутиляпти. Ҳукумат раҳбари минтақада Ғарбий Қозоғистон вилоятида бўлгани каби чора-тадбирлар кўришни топширди. Кенг кўламли тошқинга қарши фаолият сув энг кўп келганида ҳам талофатсиз ўтиш имконини берди. Ҳозир Атирау вилоятида олиб борилаётган авария-қутқариш ишларига 13 мингта ходим, 1200 та техника бирлиги жалб этилган. 500 километр тўғон қурилди, уларнинг ярми Атираудаги уй-жойларни муҳофаза қилади. Дарё мансабида, Каспий денгизига қуйилиш жойида кўп миқдорда сув оқиб кетиши учун ўзанни чуқурлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бош вазир сув сатҳини ҳар соатда ўлчашни, муҳофаза тўғонлари қурилишини жадаллаштиришни топширди.
Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош Вазири:
– Биргаликда олиб борилган ишлар оқибатида Ғарбий Қозоғистон вилоятидаги 84 та аҳоли пункти сақлаб қолинди. Тўғонлар қурилди, турли минтақалардан 2 минг нафар аскар, 2 мингта техника бирлиги келтирилди. Бу ишларда жами 11 мингта одам қатнашди. Ижобий натижага эришилди. Ҳозир Атирау вилояти сув остида қолишининг олдини олиш лозим.
Таъкидлаш лозимки, Ғарбий Қозоғистон вилоятида 1 минг 600 оилага ёрдам кўрсатилди, 8 минг оила зарарни қоплаш тўғрисида ариза берди. Мингтадан кўпроқ уйнинг аҳволи текширилди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.