Қозоғистонликларнинг 61 фоизи расмий тиббиётга ишонади

Қозоғистонликларнинг 61 фоизи расмий тиббиётга ишонади

Юртдошларимизнинг 61 фоизи расмий тиббиётга ишонади, демак, қозоғистонликларнинг мутлақо кўпчилиги маҳаллий стационар ва поликлиникалар кўрсатаётган хизматларни тўғри, деб ҳисоблайди. Пойтахтда халқаро фармацевтика компанияси томонидан Европа бўйлаб ўтказилган тадқиқот натижалари эълон қилинди. Респондентлар берган жавобларга кўра, қозоғистонликларнинг салкам ярми саломатликка оид масалаларда олимлар фикрига ишонади. Олимлар аниқлаган трендлардан яна бири – телетиббиёт. Республика аҳолисининг учдан икки қисми жиддий бўлмаган касалликлар юзасидан шифокор қошига шахсан боришдан онлайн-маслаҳат олишни афзал билган. Экспертлар таъкидлашича, бу ҳолат тиббиётда рақамли технологиялар ривожланганини кўрсатади. Таъкидлаш лозимки, аҳоли фикрини ўрганишда икки мингга яқин фуқаро қатнашди. Улар 8 та асосий йўналишдаги 43 та саволга жавоб берди. Кенг кўламли халқаро тадқиқот 15 давлатда, шу жумладан, Қозоғистонда ўтказилди. 

Арминас Мацевичус, «STADA» НИНГ МДҲ давлатлари бўйича  директори:

- Тадқиқотдан мақсад аҳоли ковиддан кейинги даврда ўзини қандай ҳис этаётгани, атроф-муҳитни қандай тасаввур қилаётганини ўрганишдан иборат эди. Қозоғистон аҳолиси рақамли технологиялардан фойдаланиш имкониятларини юқори баҳолайди, жумладан, QR-код орқали онлайн харид қилинмоқда. Шуни таъкидлашни истардимки, мазкур малакалар Европадагидан ҳам юқори суръатда тарқаляпти. Бу эса биз рақамли йўналишда жадал ривожланаётганимизни кўрсатади. Тадқиқотлар келгуси йилларда ҳам амалга оширилади. Ўзгаришларни кузатиб бориш ҳамиша мароқли.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.