Қозоғистонликлар жаҳон чемпионати ғолиби бўлди

Қозоғистон жамоаси Сингапурдан ғалаба билан қайтди. FIRST Global Challenge Робототехника бўйича жаҳон чемпионатида Алмати шаҳридаги Назарбаев Заковат мактабининг физика-математика йўналиши ўқувчилари 191 та давлатдан келган тенгдошлари ичида рекорд кўрсаткичлар билан биринчи ўринни эгаллашди. Тренер Бекзат Инкаров тайёрлаган жамоа ўтган йили Женевада қўлга киритган чемпионлик унвонини сақлаб қолди.

Бекзат Инкаров, «Технотории» NIS PHM Almaty лабораторияси мудири:
-  Ўтган йили бу номинация бўйича бош совринни олганмиз. Очиғи, бу йил кетаётганимизда ҳам кўнглимизда хавотир бўлган. Лекин нима қилиш кераклигини билардик. Робот йиғишимиз керак эди. Биринчи навбатда кўпроқ балл бериладиган жиҳатларни ўрганиб олдик. 2 ҳафта тинимсиз шуғулландик, майда камчиликларни йўқотдик. Ишқилиб, Жаҳон биринчилиги босқичида ҳеч нарса бузилмади, муаммо туғилмади.

Жорий йилда Робототехника бўйича жаҳон биринчилигининг мавзуси ёнилғи сифатида водороддан фойдаланиш бўлди. Ўқувчилар ўйин майдонига сочилган водород ва кислород атомлари макетларини сараловчи роботларни яратиши керак эди.

Дамели Шаймерденова, NIS PHM Almaty ўқувчиси:
- Бошқа жамоаларникидан кўпроқ шарчалар тўплашимиз керак эди. Чунки бир вақтда битта майдонда 6 та жамоа ўйнарди. Иккинчидан, уларни саралашимиз, катталарини кичикларидан ажратиб олиш талаб қилинарди. Республика босқичида ҳам шунга ўхшаш топшириқлар бўлганди. Жуда яхши кўрсаткичларга эришганмиз. Лекин у вақтда фильтрлаш вазифаси бўлмаган, лекин биз роботимиз учун у фойдали, кераклигини тушуниб қолгандик.

Абдумалик Сарманов таржимаси.