Қозоғистонлик олимлар ўз ғояларини пулга айлантирмоқда! Юртимиздаги фан арбобларининг 14 та илмий ишланмаси халқаро бозорга чиқди ва ўз маҳсулотию хизматларини хорижга етказиб беряпти. Ноу-хауларга Хитой, Россия, Туркия, Грузия, Чехия ва Қирғизистон каби давлатларда қизиқиш билдирилган. Бунда сотувлар юз миллион тенгедан ошади, мос равишда, олимлар ҳам бундан даромад кўради. Мазкур лойиҳалар Қозоғистон Фан жамғармаси кўмагида амалга татбиқ этилган.
Арин Орсариев, «Фан жамғармаси» АЖ бошқаруви раиси:
- Сўнгги 5 йилда тахминан 34 миллиард маблағ йўналтирилди, фан уларни қайтара бошлади. Фан ижтимоий-иқтисодий улуши 46 миллиардни ташкил этди. Асосий бурилиш охирги бир-бир ярим йилда содир бўлди. Нима бўляпти? Олимлар илмий-техник фаолияти натижалари ҳақидаги ҳисоботини олиб, фан жамғармасига келади. Вазифамиз - ёрқин лойиҳалар орасидан кўпроқ натижа келтирадиганини танлаб олиш.
Хорижда оммалашиб бораётган кашфиётлар орасида кобальт-57 радиоизотопи, замбуруғга қарши препарат, сут зардоби асосида тайёрланган ичимлик ва ҳатто бия сутидан олинган, метаболизмни яхшилашда ёрдам берувчи пробиотиклар бор. Бугунги кунда чет эллик ҳамкасбларга тақдим этиладиган бошқа лойиҳалар ҳам кўриб чиқилмоқда. Мисол учун, Қозоғистон фан вакилларининг ген таҳлили асосида одамда хасталикларга мойиллик ва ҳатто бўлажак гўдак жисмоний маълумотларини аниқлашга доир тадқиқотлари.
Ерлан Раманкулов:
- Кун сайин генетика тиббий жараённинг ўзгармас қисмига айланиб бормоқда. Беморларни даволаш қатъий асосда персоналлашган тиббиётга, генетик паспортга таянади. Марказимиз Қозоғистонда генетик таҳлил қалдирғочларидан бири. Энг катта лабораторияга эгамиз. Биз генетик сервиснинг жуда улкан спектрини тақдим этамиз.
Фан жамғармасида маълум қилишларича, кашфиётлар асосидаги бизнес самаралироқ бўлиб боряпти. Таъкидлаймиз, охирги икки йилда ташкилот 130 га яқин лойиҳани молиялаштирди, 113 та илмий ишлаб чиқаришни йўлга қўйди, дарвоқе, бу кўплаб янги иш ўринлари яратишга имкон берди. Олдинда – янги лойиҳалар. Давлат кўмаги туфайли ҳозирда қозоғистонлик олимлар хорижлик ҳамкасблари билан бирга тиббиётдан тортиб, экология ва қишлоқ хўжалиги каби турли соҳалардаги замонавий ишланмаларда иштирок этмоқда.
Хуршида Абдуллаева таржимаси