Илмий тадқиқот институтлари етакчи олимлари Қозоғистон олий таълим даргоҳларида дарс беради. Фан ва таълим вазири Асхат Аймағамбетовнинг таъкидлашича, улар талабалар ишларига рецензия беради, илмий ишларига раҳбарлик қилади. Биринчи босқичда кадрлар тайёрлаш учун 500 таълим дастури ишлаб чиқилади, магистрант ва докторантлар илмий-тадқиқот институтлари ҳамда лабораторияларга кириб ишлаш имконини олади.
«Ҳозирча илмий-тадқиқот институтларидан 300 нафар олимни жалб этиш масаласи кўриляпти. Улар шу кунгача таълим жараёнида фаол қатнашмаган. Ваҳоланки, шундай зарурат бўлгани шубҳасиз», деди вазирлик раҳбари.
Бундан ташқари, мамлакатда бир вақтнинг ўзида 100 та қўшма диссертация кенгашлари ва «е-lab» ахборот тизими ишга туширилади. У эса, ўз навбатида, илмий ходимларга қайси олий таълим даргоҳларида зарур лабораториялар борлиги ва унинг техник имкониятларини кўрсатиб беради.
Абдумалик Сарманов таржимаси