Қозоғистонлик ўқувчилар устозларидан якка тартибда консультация олиши мумкин. Масофадан ўқиш даврида дастурни ўзлаштиришга қийналаётган ўқувчилар таълим даргоҳига келиб, қўшимча равишда шуғуллана олади. Бугун бўлиб ўтган брифингда тегишли вазирлик раҳбари Асхат Аймағамбетов айтишича, машғулотга келган гуруҳларда беш нафардан ортиқ иштирокчи бўлмаслиги лозим. Дарслар фақат ўқувчиларга зарурлиги аниқ бўлган шароитда муаллим ташаббуси билан ўтказилади.
АСХАТ АЙМАҒАМБЕТОВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАЪЛИМ ВА ФАН ВАЗИРИ:
- Бу жуда муҳим. Масофадан ўқишга ўтганимиздан буён таълимдаги муваффақиятларни мунтазам кузатиб боряпмиз. Педагогларимиз баъзи йўналишларда етарлича ютуққа эришилмаётганини кўриб турибди, баъзи болаларга ҳақиқатан жуда қийин. Бундай ҳолатларда уларнинг ўзида ҳам истак бўлса, мактабга таклиф қилиш, алоҳида тартибда машғулот ўтказиш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, маҳкамалараро комиссия қарорига мувофиқ, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш учун ўқувчилар учинчи чоракда ҳам онлайн ўқийдиган бўлди. Мактабга фақат 9- ва 11-синф ўқувчилари келиши мумкин. 70 фоиз дарс анъанавий форматда, 30 фоизи масофадан ўтилади. Шунингдек, кўнгилочар, спорт ва оммавий тадбирлар ҳам тақиқланган. Бу сафар ўқувчилар Янги йил эрталикларини ўтказмайди.