Қозоғистонлик ўқувчи мультсериал яратмоқчи

Қозоғистонлик ўқувчи мультсериал яратмоқчи

Ўн биринчи синф ўқувчиси Дўсжан Бўкенбай ўз қаҳрамонларига осонгина жон бағишлайди. 10 йил аввал ёрқин ва жозибадор аниме дунёси билан танишган. Икки йил аввал график планшет харид қилди. Суратларни ҳаракатлантиришни ўрганди. Ёш мультипликатор таъкидлашича, янги технология ва дастурлар туфайли ғояларини бемалол рўёбга чиқара олади.  

Дўсжан Бўкенбай, ўқувчи:

- Гуруҳимизда 8 киши бор. Кимдир фон чизади, шаҳримизнинг диққатга сазовор жойларини тасвирлайди. Мен эса ана шу фон устида анимацияланган персонажларни тасвирлайман. Картина бош қаҳрамони Дарин исмли ўсмир йигит. У иқтидорли рассом. Бадиий мактабга кирганидан кейин эса у иқтидорли бўлмаса-да, жуда меҳнаткаш бир бола билан танишади. Шунда савол туғилади: иқтидор афзалми ёки меҳнатсеварликми?

Ёрқин, камгап ва ҳар ким учун тушунарли. Муаллиф фикрича, мультсериал шундай бўлиши керак. Картина «Бейнеле» деб аталган. Сюжетда абадий мавзулар - муҳаббат, дўстлик, санъат ҳақида ҳикоя қилинади. 15-дақиқали қисмни яратиш учун Дўсжан жамоаси олти ой вақт сарфлади. Сериал саундтрекини ҳам  уларнинг ўзи тайёрлаган.

Устин Комаров, тасвирий санъат ўқитувчиси:

- Дўсжан бизнинг шаҳарни тасвирлаган. Биз яшаётган жойларни чизган. Ваҳоланки, кўпчилик қандайдир бошқа дунёларни чиза бошлайди. Бу ерда эса у рассомликни ўзи учун вазифа деб билган. Бироз муболаға, бироз безакли бўлса-да, мавжуд дунёмизни кўрсатиб берган. Натижада, одамлар ўз шаҳрига бошқачароқ қарай бошлайди.

Анимацион сериалнинг биринчи қисмини томошабинлар баҳорда томоша қилиши мумкин. Дўсжаннинг эса янги ғоялари кўп. 

Абдумалик Сарманов таржимаси